Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пресс-релиз
2018-10-17 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги раҳбарияти ташаббуси билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва KPMG халқаро компанияси билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Республикасида сув ва иссиқлик таъминоти соҳасида тарифларни тартибга солиш тизимлари — ислоҳотлар учун имкониятлар» мавзусида семинар ўтказилди.
Тадбирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки вакиллари, KPMG халқаро аудиторлик компанияси экспертлари, Ўзбекистондаги мутасадди вазирлик ва ташкилотлари вакиллари қатнашди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқаруви директори Наталья Ханженкова иштирок этди. Шунингдек, ЕТТБнинг маслаҳатчи Имад Фахури давлат-хусусий сектор ҳамкорлигини ривожлантириш бўйича тақдимот билан қатнашди.
Давра суҳбатида «Уй-жой коммунал хўжалигида янги тарифларни тартибга солишнинг асосий принциплари. Қозоғистон Республикаси тажрибаси» тақдимот ўтказилди. Унда маълум қилинишича, Қозоғистон Ҳукумати 2013 йилда ЕТТБга тариф сиёсатини ислоҳ қилиш, шунингдек, табиий монополия объектлари учун Қозоғистон Республикасининг қонунчилик ва меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича техник ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилади.
2015 йилда Қозоғистон Республикаси «Тарифларни тартибга солиш тизимини ислоҳ қилиш» лойиҳасининг биринчи босқичи якунланди, унинг доирасида таҳлил қилиш ва тарифларни тартибга солиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича тавсиялар тайёрланди.
2016 йилда «Қозоғистон Республикаси Тарифларни тартибга солиш тизимини ислоҳ қилиш» лойиҳасининг иккинчи босқичи бошланди, унинг мақсади 1 босқичда келтирилган тавсияларни бажаришга қаратилган.
Унга кўра, уй-жой коммунал хўжалигида янги рағбатлантирувчи тариф методологиясини ишлаб чиқиш, янги тариф методологиясини расмийлаштириш учун Қозоғистон Республикаси қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиришларни киритиш, корхоналарда янги тариф методологиясини синовдан ўтказиш каби вазифалар кўзда тутилган.
Давра суҳбатида яна бир тақдимот — «Кам таъминланган оилаларга (фуқароларга) уй-жой коммунал хўжалигига ҳақ тўлашда ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини модернизация қилиш. Қозоғистон Республикаси тажрибаси» мавзусида бўлди.
Тадқиқотда Уй-жой-коммунал хизматларнинг тарифларини аҳоли учун қулай нархларда сақлаб турилишининг самаралари ҳақида маълумот берилди.
Унга ўкра, Қозоғистонда Уй-жой коммунал хизматлари учун имтиёзлардан (махсус давлат имтиёзлари доирасида) монетизация қилингандан сўнг 2008-2015 йилларда уй-жой фондидан ёрдам олувчилар сони 2 баробардан кўпроқ камайиб, 99 мингта оилани ташкил этган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги