Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Халқларимиз ўртасидаги маданий алоқалар мустаҳкамланмоқда
2018-10-17 | Маданият
Қирғизистон Республикаси Президентининг Маданият ва маънавият бўйича Давлат маслаҳатчиси, Қирғизистон халқ ёзувчиси Султон Роев раҳбарлигидаги Норин вилояти академик мусиқали драма театри делегацияси Тошкентга келди.
Шу муносабат билан пойтахтимиздаги Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев ва бошқалар тили, дини, анъана ва урф-одатлари бир бўлган икки қардош халқ ўртасидаги маданий алоқалар тобора равнақ топаётганини таъкидлади.
Юртимиз театр жамоаларининг энг сара спектакллари Қирғизистонда катта муваффақият билан намойиш этилмоқда. Айни пайтда қардош халқнинг театрлари юртимизга ижодий сафар билан келиши яхши анъанага айланди. Ўтган йили Бишкекда Ўзбекистон маданияти кунлари тантанали тарзда ўтказилган бўлса, жорий йилнинг 24-28 октябрь кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Қирғизистон маданияти кунлари бўлиб ўтиши кўзда тутилган.
– Халқларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар равнақида маданий соҳалар ўзига хос аҳамиятга эга, – дейди С.Роев. – Атоқли адиб Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги Ўзбекистонда кенг нишонланаётгани эътиборга молик. Чингиз оғанинг “Ибн Сино, Беруний, Алишер Навоийдек буюк сиймоларни жаҳонга берган халқ ўзбек халқидир“, деган сўзлари адабий-бадиий, маданий-маърифий дўстлигимизнинг ёрқин намунасидир.
– Ташрифимиз давомида Чингиз Айтматовнинг “Асрга татигулик кун“ романи асосидаги “Ман“ драмаси намойиши бежиз танланмаган, – дейди Норин вилояти академик мусиқали драма театри директори Т.Исамбаев. – Зеро, ушбу асарда инсоният тақдири, башариятга хавф солаётган иллатлар, она ерни қийнаётган муаммолар маҳорат билан тилга олинган.
Ташриф давомида қирғизистонлик меҳмонлар ва театр ихлосмандлари учун Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри жамоасининг Ч.Айтматов асари асосида саҳналаштирилган “Сарвқомат дилбарим“ спектакли намойиш этилди.
Мазкур жамоа репертуаридаги спектакллардан энг сара ария ва қўшиқлар гулдастаси қирғизистонлик меҳмонларга манзур бўлди.
Ижодий сафар мобайнида Қирғизистоннинг Норин вилояти академик мусиқали драма театри жамоасининг адиб С.Роев талқини асосидаги “Ман“ спектакли икки кун давомида томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.
Манба: ЎзА