Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Хорижий корхона: хомашё маҳаллий, тайёр маҳсулот экспортга

2018-10-16 | Иқтисодиёт

Бухорода фаолият юритаётган “Арк Эко Текстиль” Россия хорижий корхонаси ишлаб чиқараётган маҳсулотлар юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда.

Ўзбекистон – Россия 2012 йилда фаолият бошлаган хорижий корхона иқтисоди йилдан-йилга юксалаётир.
 
– Дастлаб, толадан ип-калава ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик, – дейди корхона ижрочи директори Толиб Қўлдошев. – Маҳсулотимиз сифати қисқа муддатда нафақат маҳаллий, балки хорижий харидорлар эътиборига ҳам тушди. Дастлабки йиллар Россиянинг бир қатор тўқимачилик субъектларига 400 минг АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилдик. Албатта, бугунги кун доимо изланиш ва бозор эҳтиёжини ўрганиб иш тутишни тақозо қилади. Шунинг учун корхонамиз фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантириш йўлидан бордик.
 
Корхонада 2014 йилда хомашёни чуқур қайта ишлаш бизнес режаси амалга оширилди. Янги қурилган цех замонавий тўқув дастгоҳлари билан жиҳозланди. Бунда субъектнинг ўз маблағлари, шунингдек, тижорат банкидан олинган 1,6 миллион евро кредит қўл келди. Янги лойиҳа туфайли иш ўрни 112 тага кўпайиб, 160 тага етди. Шу тариқа корхонада ип-калавадан ташқари, хом сурп ва бўялган мато тайёрлаш ўзлаштирилди. Уларнинг 95 фоизи хорижга чиқарилмоқда.
 
Бугунги кунда маҳсулотлар Россиядан ташқари, Украина ва Италиядаги ҳамкорларга ҳам етказиб берилмоқда. Жорий йилнинг тўққиз ойида буюртмачиларга 2,6 миллион доллар миқдорида ип-калава, хом сурп ва тайёр мато экспорт қилинди. Йил охиригача бу кўрсаткич олдинги йилги натижадан ошиши, яъни 3 миллион долларга етиши кутилмоқда. Агар халқаро бозорнинг турли омиллар билан боғлиқ ўзгарувчанлиги ва инжиқлиги назарда тутилса, эришилаётган ютуқ ва барқарор кўрсаткичлар “Арк Эко Текстиль” корхонаси маҳсулотлари рақобатбардошлиги орқали бу мураккаб синовдан муваффақиятли ўтаётгани, ўз мавқеини мустаҳкамлаётганидан далолат беради. Қолаверса, корхонанинг молиявий салоҳияти ҳам юқори. Тижорат банкидан олинган кредит ўз вақтида қайтарилгани, айланма маблағлар етарли экани ҳам бунга мисол.
 
Корхонада келгуси йилда ишлаб чиқариш фаолиятини янада кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш бўйича иқтисодий асосланган янги бизнес режа ишлаб чиқилган.
 
Йилдан-йилга меҳнат унумдорлиги ҳам ошмоқда. Бу борада ишчи ва мутахассислар малакасини ошириш билан бирга, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, меҳнатига муносиб манфаатдорлигини таъминлашга катта эътибор қаратилгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бепул тушлик ва узоқдан қатнайдиганларга текин транспорт хизмати ҳам йўлга қўйилган.
 
Эркин Ёдгоров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться