Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
ХТВ ва “Сколково” Москва бошқарув мактаби ҳамкорлик ўрнатиш масалаларини муҳокама этдилар
2018-10-16 | Таълим
Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ва “Сколково” Москва бошқарув мактаби таълим соҳасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш масалаларини муҳокама этдилар.
Россия Президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида Халқ таълими вазирлиги раҳбарияти “Сколково” Москва бошқарув мактаби Президенти Андрей Шаронов бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида меҳмонлар Ўзбекистон халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий йўналишлари билан танишдилар.
Ўз ўрнида Андрей Шаронов “Сколково” Москва бошқарув мактаби фаолияти ва унинг таълим дастурлари ҳақида маълумотлар тақдим этди.
“Сколково” Москва бошқарув мактабининг дастурлари “ҳаракат орқали таълим” тамойили асосида қурилган бўлиб, тингловчилар назарий билимлар билан бирга амалий кўникмалар ҳам оладилар.
“Сколково” Москва бошқарув мактаби юқори синф ўқувчилари учун Startup Academy Junior тадбиркорлик дастурини ҳам амалга ошириб келмоқда. Дастур иштирокчилари ўз бизнесларини ташкил этишлари ва ривожлантиришлари учун амалий кўникмаларни эгаллайдилар ҳамда ўзларини менежер ва тадбиркор ролида синаб кўрадилар.
Бизнес мактаб қошида иқтисоднинг турли секторлари ривожланишини ўрганувчи ва таълим дастурларини ишлаб чиқувчи тадқиқот марказлари ва кафедралар фаолият юритмоқда.
Учрашув доирасида томонлар таълим соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича фикрлар алмашдилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги