Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўткир Ҳошимов таваллудига бағишланган фото кўргазма ва хотира кечаси бўлиб ўтди
2018-10-16 | Жамият
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида 10 октябрь куни Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудига бағишланган “Дунёнинг ишлари“ номли фото кўргазма ва хотира кечаси ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов мустақил Ватанимизнинг адабиёти ва маънавий хазинасига салмоқли ҳисса қўшган ижодкор экани алоҳида таъкидланди.
Ёзувчи бир суҳбатида: “Менинг эътиқод даражасига айланган шиорим бор. Худо кўнглига солмагунча, ёзувчи қўлига қалам олмайди. Истеъдоднинг биринчи талаби ҳам шу бўлса эҳтимол. Ижод шунчаки қоғоз қоралаш эмас. Акс ҳолда саводи бор ҳар қандай одам адиб ёки шоир бўлиб кетаверарди. Чинакам бадиий асар ёзилмайди, катта ҳаяжон, ички эҳтиёж билан туғилади”, деган эди. У ўзининг эътиқодига содиқ бўлиб ижод қилди. Халқимиз ардоқли фарзанди қарийб эллик йил давомида ёзган етмишдан ортиқ китоби қатор тилларда чоп этилди, унинг асарлари кириб бормаган хонадон бўлмаса керак.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар, истеъдодли ёшлар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди. Адиб ҳаёти ва ижодига бағишланган “Дунёнинг ишлари“ номли фото кўргазма барчада катта таассурот қолдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги