Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлиги Темирйўл полицияси Академияси делегацияси Тошкентга келди
2018-10-16 | Жамият
Кеча Хитой Халқ Республикаси Жамоат хавфсизлиги вазирлиги Темирйўл полицияси Академияси делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Чен Дуншэн бошчилигидаги делегация аъзоларини Ислом Каримов номидаги Халқаро аэропортда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, подполковник Вали Хидиралиев ва Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси Жамоат хавфсизлиги вазирлиги вакили Лю Тунпин кутиб олди. Бугун дастур доирасида меҳмонлар “Афросиёб” тезюрар поездида Самарқандга жўнаб кетдилар. У ерда Самарқанд вилояти ИИБ Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўлими фаолияти ва Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишишлари режалаштирилган.
Дастурга кўра, ташрифнинг учинчи куни меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси, Тошкент марказий вокзалига ва Халқаро аэропортга ҳамда тўртинчи куни Тошкент шаҳрининг туризм объектларига ташриф буюрадилар. Ташрифдан асосий мақсад ҳар икки томоннинг темирйўлларда хавфсизликни таъминлашда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ушбу йўналишда ўзаро тажриба алмашишга қаратилган.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги