Фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари ҳисобланади.
Ўтган давр мобайнида суд тизими фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳар бир иш бўйича қонуний, асослантирилган ва адолатли суд қарори чиқарилишини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
Барча тоифадаги суд ишларини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиётининг кенгайтирилганлиги аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва суд ҳокимиятининг очиқлигини ошириш йўлида кўрилган муҳим чора бўлди. Хусусан, жорий йилнинг тўққиз ойида судлар томонидан кўрилаётган ишларнинг қарийб 46 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. Аҳоли орасида, кенг жамоатчилик иштирокида кўриб чиқилаётган бундай ишларнинг таъсирчанлиги айрим жиноятларнинг кескин камайишига олиб келмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ суд органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, аҳоли билан очиқ мулоқотни кенгайтириш ва одил судловни амалга оширишда жамоатчилик ролини кучайтиришга оид ишлар янада кенгайтирилди.
Ҳар бир судда қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун-моҳияти суд процесси иштирокчиларига тушунтирилиши суд амалиётига кенг жорий этилди.
Бу каби чоралар натижасида судлар фаолиятининг самарадорлиги ортгани, муҳими, жиноят иши бўйича судланаётган шахслар сони камайгани кузатилди. 2018 йилнинг тўққиз ойида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 36 минг 889 нафар шахсга нисбатан 28 минг 730 иш кўриб чиқилди. Мазкур рақамлар 2017 йилнинг шу даврига нисбатан шахслар бўйича 37,9 фоизга, ишлар бўйича эса 36,5 фоизга камайганини кўрсатди.
– Жумладан, 590 нафар шахс оқланди ва реабилитация қилинди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидов. – Судланган шахслар сони 27 минг 193 нафарни ташкил этиб, шундан 6 минг 696 нафар шахсга озодликдан маҳрум қилиш ва 18 минг 900 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланди. 1 минг 597 нафар шахс шартли ҳукм қилинди.
Шунингдек, 2,5 минг нафарга яқин шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан озод қилинди, 23 минг 487 нафари жазони ўташ муддатидан илгари шартли озод қилинди, 7 минг 216 нафарига тайинланган жазо енгили билан алмаштирилди. 5 минг 462 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланди.
Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан айрим жиноят турлари, хусусан, қасддан одам ўлдириш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, ўғрилик, пора олиш ва бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш, безорилик, гиёҳвандлик воситалар ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, транспорт воситасини олиб қочиш, қасддан баданга оғир ва ўртача оғир шикаст етказиш каби жиноятлари учун судланганлик кўрсаткичлари камайди.
Ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 6 минг 914 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди.
Етказилган 294,2 миллиард сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган уч мингга яқин шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида 1 минг 191 нафар шахсга нисбатан ишлар кўриб чиқилди. 655 нафар шахсга нисбатан қуйи судлар томонидан чиқарилган қарорлар бекор қилинди ва 433 нафар шахсга нисбатан чиқарилган суд қарорлари ўзгартирилди.
Бир сўз билан айтганда, фуқаролар ва юридик шахсларнинг қонуний ҳуқуқлари таъминланиши учун барча чоралар кўрилмоқда.
Н.Абдураимова, ЎзА
Манба: ЎзА