Аргентинада ўсмирлар ўртасида ўтаётган III ёзги Олимпия ўйинларида 15 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистон делегацияси аъзолари тўрттадан олтин, кумуш ва бронза, жами 12 медални қўлга киритди.
Мазкур мусобақада мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган дзюдочи Жайхунбек Назаров, оғир атлетикачи Кумушхон Файзуллаева, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Гулбаҳор Файзиева, эркин кураш бўйича Умиджон Жалолов делегациямизга олтин медалларни келтирди.
Олимпия ўйинларида финалга қадар муваффақиятли иштирок этган таэквондочи Улуғбек Рашидов, оғир атлетикачи Муҳаммадқодир Тоштемиров, байдарка ва каноэда эшкак эшувчи Ислом Абдусаломов, аёллар кураши бўйича Шоҳида Аҳмедова кумуш медални қўлга киритди.
Шунингдек, Нилуфар Ермагамбетова (дзюдо), Индира Ўлмасова (гимнастика, микст), Долера Давронова (оғир атлетика), Муҳаммадрасул Раҳимов (эркин кураш) каби спортчиларимиз тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида бронза медали билан тақдирланди.
Шу тариқа ўсмирларимиз Аргентинада ўтаётган III ёзги Олимпия ўйинларида медаллар сонини 12 тага етказиб, 2014 йили Нанкинда ўтган ўсмирлар ўртасидаги II ёзги Олимпиададаги натижани ортда қолдирди.
Бугун спортчиларимиз бокс, енгил атлетика, слаломда эшкак эшиш бўйича баҳсларга киришади.
Ж.Тошхўжаев, ЎзА
Манба: ЎзА