Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фарғонада Европа киноси фестивали
2018-10-15 | Жамият
Фарғона шаҳрининг Ислом Каримов номидаги Театр-концерт саройида Европа киноси фестивали бўлиб ўтди. Тадбир “Ўзбеккино“ миллий агентлиги, Европа Иттифоқи делегацияси ва Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди.
Маданият ва санъат халқларни халқларга боғлайди. Бир ҳудуднинг ёки миллатнинг маънавияти, тарихи, тараққиёти, анъаналари ҳақида тушунча берадиган кино санъати ҳам бошқа санъат турлари каби чегара билмайди. Фарғонада илк бор ташкил этилган Европа киноси фестивали Европа ва Марказий Осиё халқларининг маданий алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Юртимизда анъанавий ўтказиб келинаётган фестиваль географияси кенгайиб, фильмлар турли шаҳарларда ҳам намойиш этилмоқда. Фестиваль венгриялик режиссёр Иболия Фекетенинг “Онам ва бошқа ақлдан озган қариндошлар” фильми билан очилди. Икки кун давомида Бельгия, Латвия, Словения, Швейцария, Финляндия, Чехия, Венгрия киноижодкорларининг фильмлари ўзбек ва рус тилларида субтитр билан томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.
– Кино маданий алмашув ва ўзаро тушунишнинг муҳим бўлагидир, яхши кино одамларни яқинлаштиради, ҳамдард бўлиш ва унинг бир қисмига айланиш имконини беради, – дейди Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси ҳамкорлик бўлими бошлиғи Франсуа Бежо. – Фестивалда намойиш этилаётган ва болалар учун мўлжалланган бу кинофильмлар тарбиявий аҳамиятга эга. Албатта, мазкур фестиваль Ўзбекистон ва Европа дўстлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
М.Сулаймонов, ЎзА
Манба: ЎзА