Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тошкентда Инновацион клиника очилди
2018-10-15 | Инновация
2018 йилнинг 12 октябрь куни Тошкентда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамкорлигида DM Инновацион клиникаси очилиши бўлиб ўтди. Очилиш маросимида Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов, инновацион клиниканинг асосчиси Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими, тиббиёт фанлари номзоди Зулфия Мақсудова, соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Илмира Боситхонова ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов сўзга чиқдилар.
Тадбирда профессор-олимлар, шифокорлар, жамоатчилик вакиллари, турли вазирлик ва муассасалар ходимлари, журналистлар иштирок этдилар. Клиника, одатга кўра, қизил лентани кесиш билан очилди. Меҳмонларга инновацион клиника бўйлаб таништирув экскурсияси ўтказилди. Энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган, тўрт қаватли даволаниш маскани иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Маълумки, ҳозирги вақтда мамлакатимизда улкан иқтисодий ва илм-фан тараққиёти йўлидаги янгиликлар, шу жумладан, соғлиқни сақлаш тизимида ҳам инновацион ғояларга асосланган ҳолда амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Доктор Максудова клиникаси (DM инновацион клиникаси) билан имзоланган меморандумнинг бош мақсади юртимиз соғлиқни сақлаш тизимининг шаклланиши ва ривожланишидаги тарихий ва ҳудудий жиҳатларни эътиборга олган ҳолда соғлиқни сақлаш тизимига халқаро стандартларни, даволашнинг янги, замонавий усулларини ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва жорий қилишдир.
Шу маънода ҳам Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Доктор Максудова инновацион клиникаси ҳамкорликда инновацион технологиялар ва даволаш усулларини жорий этиш, кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини жаҳон стандартлари даражасигача кўтаришни ўз олдига мақсад қилиб олди.
Инновацион вазирлик ва инновацион клиниканинг ҳамкорлигида юртимиз шифокорлари даволашнинг инновацион усуллари ва технологияларидан фойдаланиш бўйича малакаларини ошириш имкониятига эга бўладилар. Бундан ташқари, янги инновацион тиббий технологияларни амалиётга жорий этишни тезлаштириш мақсадида машҳур хорижий клиникалар ва тиббиёт институтлари билан ҳамкорлик ўрнатилади. Бу ҳам шифокорларимизнинг янги даволаш усулларидан хабардор бўлишларига хизмат қилади, уларнинг хорижда ўқиб, янги тажрибаларни орттириб келишлари учун шароитлар яратилади.
Инновацион клиникада кўз шоҳпарда касалликларини ташҳислаш ва даволашнинг инновацион усуллари ва технологияларини қўллаш орқали юртимизда илк бор микроинвазив жарроҳлик амалиёти ўтказилиши режалаштирилган. Авваллари бундай амалиёт учун ҳорижга боришга тўғри келарди.
Шу билан бир қаторда мазкур клиника юртимиздаги тиббиёт олий юртлари магистрлари учун инновацион тиббиёт технологияларига ўргатиш бўйича илмий-амалий платформа вазифасини бажаради.
DM Инновацион клиникасида беморларни қўллаб-қувватлаш мақсадида доимий акциялар ўтказилиши, ҳамда доимий мижозлар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояланмаган қатлами учун имтиёзлар кўзда тутилган.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда “Доктор Максудова инновацион клиникаси”нинг бундан кейинги ҳамкорликдаги фаолияти соғлиқни сақлаш тизимидаги инновациялар, илм-фан ва техника ютуқларини юқори чўққиларга олиб чиқишда ҳамда аҳоли саломатлигини яхшилаш борасида хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги