Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Термизда туркманистонлик санъаткорлар тантанали кутиб олинди
2018-10-15 | Маданият
Термиз темир йўл вокзалида Тожикистонда ўтказиладиган Туркманистон маданияти кунларида иштирок этиш учун Душанбе шаҳрига йўл олган туркманистонлик санъат усталарини тантанали кутиб олиш учун давлат ва жамоат ташкилотлари ва кенг жамоатчилик вакиллари жам бўлди.
Ашхободдан йўлга чиққан поезд вокзалга келиб тўхтади.
Миллий либосдаги қизлар нон ва ширинликлар, анвойи гулдасталар билан туркманистонлик меҳмонларга пешвоз чиқдилар. Икки давлат байроқларини кўтарган ёшлар уларни «Яшасин, Туркман-ўзбек дўстлиги!», дея самимий кутиб олишди.
Термиз темир йўл вокзалида қардош халқнинг турмуш тарзи, анъана ва урф-одатларини ифода этувчи этнографик шаҳарча барпо этилгани, ҳунармандлар кўргазма-ярмаркаси ҳамда миллий таомлар намойиши меҳмонларга ҳайрат улашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар туркманистонлик маданият ва санъат усталарининг юртимизга, хусусан 136 мингдан ортиқ туркман миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қиладиган Сурхондарё вилоятига ташрифи халқларимиз ўртасидаги дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилишини таъкидлашди.
Шундан сўнг Туркманистон санъат усталари ижросида дўстлик ва тинчликни тараннум этувчи куй-қўшиқлари янгради. Ушбу маданий тадбир сурхондарёлик тингловчиларга унутилмас учрашув онларини тақдим этди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги