Cавдо-саноат палатасида ҳудудларда тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитишни такомиллаштириш йўналишларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази, Cавдо-саноат палатаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган видеоконференция шаклидаги тадбирда аҳолининг кенг қатламларини тадбиркорликка йўналтириш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокамасига аҳамият қаратилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 8 августдаги “Тадбиркорлар учун ўқув курслари ташкил қилиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ижроси бўйича ўтказилган давра суҳбатидан асосий мақсад аҳоли ва ёшларнинг тадбиркорлик фаолияти бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, бу борада тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдир.
Бу каби талаблардан келиб чиқиб Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази Савдо-саноат палатаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Норма профессионал ривожланиш маркази“ нодавлат таълим муассасаси билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги касб-ҳунар коллежлари базасида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган аҳоли учун бепул ўқув курслари ташкил этмоқда. Бу жараёнларда банд бўлмаган ва ишсиз аҳолини, ёшларни масофавий ўқитиш бўйича офлайн ва онлайн ўқувлар ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Масалан, мазкур йилнинг шу даврига қадар 525 нафар тингловчи онлайн таълим олиб, марказнинг сертификатига эга бўлди.
– Жорий йилнинг ўтган даврида жами 461 бепул ўқув курслар ташкил этилди, – деди Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази директори Улуғбек Камолиддинов. – Бу ўқув курсларда 8 минг 685 нафар тадбиркорлик субъекти вакили ва аҳоли бепул ўқитилди. Уларнинг 7 минг 263 нафарига сертификатлар берилди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг 9 ойида таҳсил олган тингловчилардан 768 нафари тадбиркорлик фаолиятини янгидан бошлаган бўлса, 331 нафар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада кенгайтиришга муваффақ бўлди. Натижада 1 минг 466 тадан ортиқ янги иш ўрнини яратишга эришилди. Бу даврда марказ тингловчилари томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва янада кенгайтириш мақсадида жами 9,6 миллиард сўм миқдоридаги банк кредит маблағлари олинган. Бундай ютуқлар эса уларнинг ўқув жараёнида эгаллаган билим ва кўникмаси маҳсулидир.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: ЎзА