Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон-Миср: амалий ҳамкорликнинг янги босқичи
2018-10-12 | Жамият
2018 йил 11 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Н.Йўлдошевнинг Миср бош имоми, “Ал-Азҳар” комплекси раҳбари шайх Аҳмад ат-Тайиб ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Миср Араб Республикаси Президенти ас-Сисининг яқинда Ўзбекистон Республикасига амалга оширган ташрифи мамлакатларимиз ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий муносабатларни ривожлантиришда муҳим омил бўлгани ҳамда муносабатларимизга амалий мазмун бергани таъкидланди. Миср бош имоми, “Ал-Азҳар” комплекси раҳбари шайх Аҳмад ат-Тайибнинг мамлакатимизга ташрифи юксак даражада бошланган мулоқотнинг давоми бўлди.
Томонлар диний бағрикенгликни, эътиқод эркинлигини таъминлаш, Ислом дининг асл инсонпарварлик моҳиятини халққа ва бутун жаҳон ҳамжамиятига етказиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири эканлигини таъкидлаб ўтдилар.
Шу муносабат билан Ислом оламининг кўзга кўринган олимлари билан алоқаларни йўлга қўйиш, мусулмонларнинг энг нуфузли ва обрў-эътиборли таълим муассасаси бўлмиш Мисрнинг “Ал-Азҳар” етакчи таълим ва илмий-тадқиқот комплекси, бошқа илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ўртасида яқин ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидланишича, ҳозирги вақтда “Ал-Азҳар” комплекси “Ал-Азҳар” академияси ва университетини, хорижий талабалар учун ўрта мактаблар, тайёрлов ўқув курсларини, илмий кутубхонани ўз ичига олади. Университет талабаларининг умумий сони 50 мингдан зиёддир. Шундан 40 минг талаба жаҳоннинг 120 дан ортиқ мамлакатидан келган хорижий талабалардир. Улар орасида ўзбекистонлик ёшлар ҳам бор. “Ал-Азҳар” комплекси билан ўзаро ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланиши диний маърифат ва бағрикенгликни ривожлантиришга кўмаклашади.
Учрашув якунлари бўйича томонлар Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини бундан буён ҳам мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати