Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Маданий ҳаётимиздаги ёрқин воқелик
2018-10-12 | Маданият
Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ташкил этилган VIII халқаро Тошкент замонавий санъат биенналеси юртимиз маданий ҳаётида ёрқин ва унутилмас воқеага айланди.
Мазкур халқаро маърифий лойиҳа иш тартибининг ғоят тиғизлиги билан бирга қизиқарлилиги, бири бошқасини такрорламайдиган кўргазмалар, ижодий учрашув ва мулоқотларга бойлиги билан санъат ихлосмандлари, тадбир иштирокчиларида катта таассурот уйғотмоқда.
– Аввалги Тошкент замонавий санъат биенналесида йигирмадан ортиқ иш билан қатнашган бўлсам-да, кўргазма залларингизнинг ғоят маҳобатли экани боис ишларим экспозициянинг бир чеккасида қолиб кетганди, – дейди испаниялик коллаж устаси, компьютер графикаси мусаввири Антонио Мора. – Ҳозирги халқаро кўргазмада ўттиздан зиёд ижод намуналарим билан қатнашмоқдаман. Улар тасвирий санъат ва рақамли технология уйғунлиги асосида яратилган бўлса-да, инсон ва коинот, борлиқ, умр мазмуни, тарихий хотира каби мавзулар моҳиятини ўзида акс эттиради. Бу галги сафарим чоғида юртингизда илгари мисли кўрилмаган шиддатли ижобий ўзгаришлар кечаётганининг гувоҳи бўлдим.
– Ўзбекистонга биринчи марта келишим, – дейди VIII халқаро Тошкент замонавий санъат биенналеси ҳакамлар ҳайъати аъзоси, рассом, Сорбонна университетининг фан ва санъат институти директори Ольга Кисилёва (Франция). – Бу ерда ҳақиқий ижодкорлар, санъат усталари жамланди. Кўрагзмаларда чин маънодаги санъат намуналаридан баҳраманд бўлиш мумкин. Ўзбекистонликлар ўз юртларида ўтказилаётган бундай ажойиб биенналедан, бой маънавий-маданий меросидан ҳар қанча фахрланса арзийди.
Назокат Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат),ЎзА
Манба: ЎзА