Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Мудофаа вазирлари билан икки томонлама учрашув ўтказилди
2018-10-12 | Сиёсат
11 октябрь куни “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасининг анжуманлар залида Ўзбекистон мудофаа вазири Абдусалом Азизов Арманистон, Озарбайжон ва Беларусь республикаларининг мудофаа идоралари раҳбарлари билан алоҳида икки томонлама учрашув ўтказди.
Учрашув давомида томонлар мудофаа ва ҳарбий таълим соҳасида ҳозирги кунда олиб борилаётган ҳамкорлик ҳамда унинг истиқболларига оид масалаларни муҳокама қилди, ҳарбий техника йўналишида ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш борасида фикр алмашдилар.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон мустақилликка эришганининг илк кунлариданоқ МДҲга аъзо мамлакатлар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга катта эътибор бериб келади, давлатлар ўртасидаги анъанавий-дўстона алоқаларга юқори баҳо беради ва жуда қадрлайди.
Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик масалалари бутун Марказий Осиё минтақасининг хавфсизлиги ва барқарор ривожланиши йўлида муҳим аҳамият касб этади.
Озарбайжон ва Беларусь республикаларининг мудофаа вазирлари билан бўлиб ўтган учрашув якунида 2019 йил давомида Ўзбекистон мудофаа вазирлиги билан ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги икки томонлама режалар имзоланди.
Манба: ЎзА