Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent“ меҳмонхонасида “Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясининг қурилиши. Россия тажрибаси ва илғор технологиялари“ мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, “Ўзатом“ агентлиги, “Росатом” давлат корпорацияси ва Халқаро атом энергияси агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва хорижлик ядро энергетика соҳаси мутахассислари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.
“Ўзатом“ агентлиги бош директори Ж.Мирзамаҳмудов, Россиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси В.Тюрденев ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро аҳамиятга молик бўлиб, бунда барча жабҳаларда, жумладан, иқтисодий соҳаларда юқори кўрсаткичларга эришиш мақсадида Ўзбекистоннинг Россия билан ҳамкорлиги асосий ўрин эгаллаётганини таъкидлади. Мамлакатимизда биринчи атом электр станциясини қуришда “Росатом“ давлат корпорацияси ва Халқаро атом энергияси агентлиги билан бошланган назарий ва амалий ўқувлар бунга ёрқин миcолдир.
Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш тўғрисида қабул қилинган қарорга мувофиқ ўтказилаётган семинарда “Росатом“ давлат корпорацияси ва Халқаро атом энергияси агентлиги вакиллари мамлакатимизда атом электр станциясининг қурилишида Россия тажрибасидан самарали фойдаланиш ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
– Атом электр станциясини қуриш бўйича жаҳон тажрибаларини ўрганиб чиқдик, – деди Фанлар академияси вакили Илҳом Содиқов. – Жумладан, Россия, Хитой, Канада каби давлатлардаги шундай станция қурадиган компаниялар фаолияти билан танишиб, якуний хулосалар бўйича “Росатом“ давлат корпорацияси билан ҳамкорлик қилишга қарор қилдик. Жорий йилнинг 7 сентябрь куни Москвада Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасида Россия лойиҳаси бўйича АЭС қуришда ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро имзоланган битимга кўра, бугун ташкил этилган семинар ҳам ушбу режалар амалиёти билан чамбарчас боғлиқдир. Таъкидлаш керакки, атом электр станциясини қуриш учун мамлакатимиз Россиянинг замонавий ядро технологиялари қаторидаги “3+ ССЭР-1200“ реакторини танлади. Бу технологиялардан нафақат Россия, балки хориж давлатлари ҳам кенг фойдаланиб келмоқда. Яна бир муҳим жиҳати, бу технологиялар замонавий халқаро хавфсизлик стандартлари ва талабларига тўла жавоб бера олади.
Қайд этилганидек, АЭС фаолияти нафақат аҳоли ҳаёти фаровонлиги учун, балки мамлакат иқтисодиёти, илму фани, техникаси, кадрлар салоҳиятининг ўсишида ҳам катта аҳамиятга эга.
– Йиллар давомида катта тажриба тўпладик. Корпорациямиз таркибида 300 корхона бўлиб, уларда 260 мингга яқин малакали ходим меҳнат қилади, – деди “Русатом-Халқаро тармоқ” президенти Александр Мертен. – Бугун бошланаётган лойиҳа узоқ йилларга мўлжалланган бўлиб, яқин келажакда яхши самара беришига ишончимиз комил.
Семинарда қатнашчилар Россиянинг атом саноати соҳасидаги илғор технологиялари, “Росатом“ давлат корпорациясининг соғлиқни сақлаш тизими ва ядровий технологиялар орқали турмуш даражасини ошириш бўйича ечимлари, юртимизда қурилиши режалаштирилган АЭС учун мутахассислар тайёрлаш дастури ҳамда атом саноати соҳасида лойиҳаларнинг амалга оширилиши юзасидан жамоатчиликни хабардор қилиш масалалари бўйича маълумотларга эга бўлди.
Шунингдек, Халқаро атом энергияси агентлиги вакили Хенрик Кристоф ядро энергетикаси соҳасидаги глобал тенденциялар ҳақида тушунча берди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: ЎзА