Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Солиқ қарздорлиги иқтисодиёт ривожига тўсиқдир
2018-10-10 | Жамият
Мамлакат равнақ топишида иқтисодиётга йўналтириладиган солиқларнинг аҳамияти каттадир. Вақтида тўланмаган солиқлар эса солиқ қарздорлигини вужудга келтиради.
Бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармалар олдидаги солиқ қарзларини қисқартириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси солиқ идоралари томонидан қатор ишлар амалга оширилди.
Хусусан, жорий йил бошидан шу кунгача 300 млрд. сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги мавжуд корхоналарга солиқ қарзларини тўлаш тўғрисида огоҳлантириш талабномалари берилиб, мазкур корхоналар томонидан 180 млрд. сўмга яқин солиқ қарздорликлари тўлаб берилди.
Шунингдек, солиқ қарздорлиги тўланмаган 2 мингдан ортиқ корхоналарнинг 140 млрд. сўмга яқин солиқ қарздорлигини уларнинг мол-мулки ҳисобидан ундириш мақсадида Иқтисодий судларга даъво аризалари киритилди ҳамда суд ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроси бўлинмаларига ўтказилди.
Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар натижасида бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаларга 120 млрд. сўмдан ортиқ солиқ қарздорлиги ундирилиши таъминланди.
Хусусан, жорий йил 1 сентябрь ҳолатига кўра, Нукус шаҳрида жойлашган “Қарақалпақпромстрой-конструкция” МЧЖнинг бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалардан солиқ қарздорлиги 182,6 млн. сўм ва ўтказиб юборилган қарздорлик учун ҳисобланган пеняси 25,2 млн. сўм ёки жами солиқ қарздорлиги 207,8 млн. сўмни ташкил қилади. Туман мажбурий ижро бюроси ва солиқ инспекцияси билан ҳамкорликда корхонанинг 60,7 млн. сўм мол-мулки сотилиб, давлат бюджетига ундирилди. Шунингдек, корхонага тегишли иморат хатланиб, сотиш чоралари кўрилмоқда.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, солиқларни вақтида тўлаш ҳар бир корхона, ташкилот ва фуқаронинг мажбурияти ҳамда бурчи ҳисобланади. Шундай экан, белгиланган солиқларни вақтида тўлаган ҳолда, юртимиз иқтисодиёти равнақига ҳисса қўшишга ҳаракат қилайлик.
Давронбек БАБАЖАНОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси бошлиғи
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси