Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекнефтгаз АЖ Франциянинг Total E&P компанияси билан Ҳамкорлик битимини имзолади
2018-10-09 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 7 октябрь куни Парижда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга давлат ташрифига тайёргарлик доирасида Ўзбекнефтгаз АЖ Бошқарув раиси в.б. Бахром Ашрафханов Total E&P компанияси Президенти жаноб Арни Бреййак билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида нефт-газ соҳасида келгуси ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
Франция томони Ўзбекнефтгаз АЖ билан ўзаро манфаатли муносабатларни ўрнатишга қизиқиш билдираётганини айтиб, Ўзбекистон Республикаси нефт-газ саноатининг салоҳияти юқори эканлигини таъкидлади.
Музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси сармоявий блокларида геологик қидирув ишларини биргаликда олиб бориш имкониятларини ўрганишни кўзда тутувчи Ҳамкорлик битими имзоланди.
Битим доирасида қўшма ишчи гуруҳ тузилади. Унинг таркибига кирувчи мутахассислар келгуси ҳамкорликни ривожлантириш учун ўрганишлар якунига кўра аниқ таклифларни тақдим этади.
Мазкур Битимнинг имзоланиши икки давлат компанияларининг нефт-газ саноати соҳасидаги самарали ҳамкорлигини ривожлантиришга туртки бўлади.
Аввалроқ, 2018 йилнинг сентябр ойида Total E&P компанияси вакилларини Ўзбекистон Республикасининг истиқболли сармоявий блоклари билан таништириш мақсадида Махфийлик келишуви имзоланган эди.
Таъкидлаш жоиз, Total E&P компанияси дунёнинг 130дан ортиқ давлатларида фаолият юритади ва 100 мингга яқин ходимларга эга. Компания йилига 130 миллион тонна нефт ишлаб чиқаради. Компаниянинг бозор капитализация қиймати 162,78 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади.
Ишлаб чиқаришдан ташқари, компания нефтни қайта ишлашни амалга оширади, шунингдек ёқилғи қуйиш шаҳобчалари тармоғи ва қатор кимё саноати корхоналари эгасидир.