Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Германия Ҳукуматининг Махсус вакили билан учрашув
2018-10-09 | Сиёсат
2018 йилнинг 8 октябрь куни ТИВда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Германия Федератив Республикаси Ҳукуматининг Афғонистон ва Покистон бўйича Махсус вакили Маркус Потцел билан учрашди.
Мунтазам Ўзбекистон-Германия сиёсий маслаҳатлашувлари доирасида томонлар Афғонистонда вужудга келган ҳолат ва мазкур давлатдаги тинчлик жараёни истиқболлари борасида фикр алмашдилар.
Учрашувда Ўзбекистон пойтахтида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича нуфузли халқаро конференция якунларига кўра 27 март куни қабул қилинган Тошкент декларациясининг бандлари ва таклифларини амалга ошириш борасидаги ҳамкорлик масалаларига асосий эътибор қаратилди.
Суҳбатда «Мозори-Шариф – Ҳирот» темир йўл магистралини, “Сурхон – Пули-Хумри” электр узатиш линиясини, турли узунликдаги автомобиль йўлларини ва Афғонистондаги бошқа инфраструктура объектларини қуриш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш учун молиявий манбаларни жалб қилиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Ўзбекистон ташаббуси билан амалга оширилаётган таълим йўналишидаги лойиҳаларда, жумладан Термезда ташкил этилган Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ҳамда Афғонистонда таълимни қўллаб-қувватлаш халқаро фонди фаолиятида Германия томонининг иштирок этиши муҳимлиги қайд этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги