Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Сайлов жараёнини бошқаришнинг электрон тизими яратилади

2018-10-08 | Сайлов

Дунё – кафтимиздаги кўзгуга айланди. Яъни ахборот асри самараси ўлароқ, дунёни кафтдек кўзгу орқали кўриш ва англаш мумкин. Замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жадал тараққий этаётгани бунга замин яратди. Бу глобал жараёнда Ўзбекистон ҳам илдам қадам ташламоқда.

Электрон сайлов тизимини яратиш орқали сайловларнинг шаффофлигини таъминлаш бўйича ҳам амалий ишларга киришилди. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 4 октябрдаги “Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунинг яққол далилидир.
 
ЎзА мухбири мазкур қарор аҳамияти ва ижроси бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек АБДУСАЛОМОВ билан суҳбатлашди.
 
– Замонавий технологиялардан мамлакатимизнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий салоҳиятини ошириш, элу юртимиз қадриятларини ва ютуқларини жаҳон ҳамжамиятига танитиш, халқимиз фаровонлигини ошириш йўлида самарали фойдаланилмоқда, – дейди М.Абдусаломов.– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлатчилигимизда улкан ўзгариш ясаган тарихий нутқи – 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида “... 2019 йилда ҳокимиятнинг вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловларга тайёргарлик кўриш бўйича тадбирлар дастурини ишлаб чиқишга ҳозирдан киришиш керак. Дастурда мазкур сиёсий жараён янада ошкоралик руҳида ўтишини таъминлайдиган янги, илғор амалиётни жорий этишга алоҳида эътибор қаратиш зарур”, деб таъкидланган эди.
 
Бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 5-бандида Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг Ягона электрон рўйхати ва сайлов жараёнларини бошқаришда ахборот тизимини такомиллаштириш ҳамда “Электрон ҳукумат” тизими доирасида бутун республика бўйича жорий этиш вазифаси белгилаб қўйилди.
 
Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга оид қарорнинг қабул қилиниши ушбу вазифаларни амалга оширишда жуда муҳим аҳамият касб этади. Гарчи ушбу қарор ташкилий-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлса-да, унинг сиёсий аҳамияти беқиёсдир. Мазкур қарор билан мамлакатимизда сайлов тизимини ислоҳ қилиш бўйича янги қадам қўйилди. Зеро, сайлов сиёсий ҳаётимизни демократлаштиришда энг долзарб жиҳатлардан ҳисобланади.
 
Президент қарорининг қабул қилинишидан асосий мақсад – аввало, сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишдан иборат. Шунингдек, сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан самарали фойдаланиш учун зарур дастурий инфратузилмани яратишдир.
 
Бу тизим барча сайловчилар умумий сонини, яъни маъмурий-ҳудудий бирликлар кесимида уларни аниқлаш, шунингдек, хориждаги ватандош сайловчилар ҳисобини олиш, сайлов округи ва участкаларидаги сайловчилар нормасини белгилаш учун қулай шарт-шароит яратади.
 
Мазкур тизимни жорий қилиш сайловларнинг шаффофлигини, “бир сайловчи – бир овозга эга” принципини қатъий амалга оширади. Рўйхатнинг холислиги ва изчил янгиланиб боришини таъминлайди. Сайловчилар яшаш манзили ўзгарганда онлайн тарзда мурожаат қилиб, сайлов участкасини ўзгартириши осон бўлади. Ҳар бир сайловчи тегишли маълумотлар базаси билан танишиш учун имкониятига эга бўлади. Округ ва сайлов участкаларида овозларни санаб чиқиш, якунларини умумлаштириш ишларини енгиллаштиради.
 
Электрон тизим – сайловчилар учун қўшимча қулайликлар яратиш билан биргаликда сайлов комиссиялари ишини ҳам осонлаштиради. Бундан ташқари, ушбу дастурнинг ишга туширилиши фуқароларнинг доимий ва вақтинчалик яшаш жойлари, чет элларга чиқиш ва қайтиши ҳақидаги батафсил маълумотларни, уй-жой ва бошқа кўчмас мулк объектларини тўлиқ ҳисоб-китобини, ҳудудлар, кўчалар, уйлар ва хонадонларнинг номлари ва рақамларини электрон шаклда аниқ ва равшан белгиланишини тақозо этади.
 
Бу, ўз навбатида, фуқаролик ҳолати далолатномаларини тўлиқ тартибга солиш, аҳоли миграцияси, паспорт тизими ва давлат кадастр хизмати аҳволини юқори савияга кўтаришга олиб келади. Шунингдек, солиқ солиш объектлари кенгаяди ва бюджет даромадлари ошади.
 
– Сайлов жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш бўйича эксперимент ўтказилган эди. Бу қандай натижа берган?
 
– Ҳақиқатан, 2017 йил 24 декабрь куни бўлиб ўтган Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайловларда сайлов жараёнида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш мақсадида ахборот-коммуникация тизимини жорий этиш ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини тузиш илк маротаба ҳуқуқий эксперимент тариқасида синовдан ўтказилган.
 
Сайловчининг ягона электрон рўйхатга киритилиши ҳар бир фуқарони аниқ манзили билан биргаликда рўйхатга олиш демакдир. Ҳозирги кунга қадар, тўғрисини айтадиган бўлсак, битта сайловчи бир нечта рўйхатга кириб қолиши ҳолатлари учраётганди. Яъни пропискаси бир жойда, яшаш жойи бошқа ерда. Бу эса, ўз навбатида, сайлов куни айрим муаммоларни келтириб чиқарар эди. “Бир сайловчи – бир овоз”га эга деган принципга айрим жойларда риоя этилмаганлиги халқаро кузатувчилар томонидан ҳам қайд этилган эди.
 
Яна бир муаммо: бу сайловчиларнинг доимий ва вақтинча яшаш жойлари тўғрисидаги ишончли ва аниқ ахборотнинг етарли эмаслигидир. Бу эса бошқа бир муаммони келтириб чиқарган. Мазкур масала кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестрининг йўқлиги ёки объектлар ягона реестри қоғоз шаклида эскириб кетган ва бирхиллаштирилмаганлиги муайян қийинчиликларни келтириб чиқарар эди. Сайлов участкаларининг замонавий компьютер ускуналари билан жиҳозланиши ва уларнинг интернет тармоғига уланиши даражаси пастлигича қолаётгани сайлов жараёнида ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш имконини бермаган. Шунингдек, жойлардаги сайлов комиссиялари аъзоларининг ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишга доир билим ва кўникмалари даражаси пастлиги сайлов жараёнини рақамлаштириш ва автоматлаштиришда қийинчилик туғдирган.
 
Сайлов жараёнига АКТни жорий қилиш бўйича хорижий тажриба ҳам батафсил ўрганилди. Ривожланган демократик давлатларнинг сайлов қонунчилиги ва амалиёти, хусусан 20 дан зиёд нафақат Ғарбий Европа, балки Шарқий Осиё ва МДҲ мамлакатларининг тажрибаси ҳам таҳлил қилинди. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Бутунжахон сайлов органлари ассоциацияси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тавсиялари эътиборга олинди.
 
Мана энди янги қарорга асосан 2019 йил декабрь ойида бўлиб ўтадиган парламент ва маҳаллий Кенгашларга сайловлар жараёнида мазкур янги тизим амалиётга жорий этилади.
 
– Сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимини жорий қилишда Марказий сайлов комиссияси қандай вазифаларни бажаради?
 
– Президентимиз қарорида Марказий сайлов комиссиясига мамлакатнинг бутун ҳудудида Сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимини жорий қилиш ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатидан фойдаланиш бўйича фаолиятга умумий раҳбарликни ва мувофиқлаштиришни амалга ошириш юкланган.
 
Шунингдек, сайлов комиссиялари вакилларини янги тизим билан ишлаш кўникмаларига ўқитиш вазифалари қатъий этиб белгилаб берилди. Марказий сайлов комиссиясида йиғилиш ўтказилиб, қарор ижроси учун масъул бўлган давлат органлари, манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
 
Мазкур қарор мамлакатимизда сайлов тизимини янада такомиллаштириш, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданияти ҳамда сиёсий фаоллигини юксалтириш, сайловларнинг очиқ, ошкора ва транспарентлигини таъминлашга зарур шароит яратади. Сайлов жараёнига фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда маҳаллий ва халқаро кузатувчиларнинг иштирокини кенгайтириш борасида дастуриламал бўлишига ҳам ишончимиз комил.
 
Қайд этиб ўтиш жоиз, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда сайлов тизимини ислоҳ қилиш, уни янада демократлаштириш, халқаро андоза ва принципларга мослаштириш, фуқароларга қулайлик ва эркинлик яратиш бўйича улкан ишлар олиб борилмоқда. Сайлов қонунчилигини такомиллаштириш йўлида янги Сайлов кодекси лойиҳаси кенг халқ муҳокамасидан ўтмоқда, халқаро экспертлар ва ташкилотларнинг хулосалари олинмоқда.
 
Сайлов жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этилиши ушбу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларни тубдан янги босқичга кўтарадиган амалий ишларга йўл очди.
 

Норгул Абдураимова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться