Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон-Франция ҳамкорлиги янада мустаҳкамланмоқда

2018-10-08 | Жамият

Франция узоқ тарихга эга, иқтисодиёти, маданияти, илм-фани ривожланган, икки юз йилдан ортиқ демократик тараққиёт тажрибасига эга мамлакат сифатида эътироф этилади. Йирик индустриал-аграр мамлакат сифатида саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми бўйича дунёда етакчи давлатлардан бири ҳисобланади.

Мамлакат ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми салкам 3 триллион АҚШ долларини, ЯИМни киши бошига тақсимлаганда эса, қарийб 45 минг долларни ташкил этади. Хорижий мамлакатларга сармоя киритиш ҳажми бўйича ҳам пешқадамлар сафида бўлиб, ушбу кўрсаткич бўйича у дунёда АҚШдан сўнг иккинчи ўринда туради. Чунончи, биргина 2014 йилда француз компаниялари томонидан дунё мамлакатларига салкам 250 миллиард АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилган. Жаҳондаги энг йирик 500 компаниянинг 39 таси француз компаниялари ҳисобланади.

Ушбу рақамлар ортидаги юқори иқтисодий салоҳият Францияга халқаро майдонда муҳим ўрин эгаллашига имкон бермоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, биринчилардан бўлиб мамлакатимиз мустақиллигини тан олган давлатлардан бири ҳам Франциядир. Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дипломатик муносабатлар 1992 йил 1 мартда ўрнатилган. 1992 йилдан июндан бошлаб Франциянинг Ўзбекистонда, 1995 йил март ойидан бошлаб эса, Ўзбекистоннинг Францияда элчихонаси фаолият бошлаган.

Ўтган давр мобайнида мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларнинг фаоллашувида парламентлараро ҳамкорлик ҳам алоҳида аҳамият касб этиб келмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон – Франция” дўстлик гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Франция парламенти вакиллари мамлакатимизда ўтказиладиган халқаро анжуманларнинг фаол иштирокчилари ҳисобланади. Ўз ўрнида, Олий Мажлис вакиллари ҳам Францияда ўтадиган халқаро тадбир ва икки томонлама учрашувларда мунтазам қатнашишади.

Қайд этиш жоизки, бугунги кунда юртимизда Франциянинг дунёдаги ўрни ва роли юқори баҳоланади. Икки мамлакат ўртасида кўплаб соҳаларда тенг шерикчилик тамойилига асосланган ҳолда самарали ҳамкорлик олиб борилмоқда. Давлатларимиз ўртасида, айниқса, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий, илмий-гуманитар соҳаларда кенг ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган бўлиб, бундан иккала давлат ҳам ўзаро манфаатдордир.

Франция Ўзбекистон Республикасининг Европа Иттифоқидаги энг муҳим шерикларидан бири ҳисобланади. 2017 йилда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 251,6 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бироқ бу кўрсаткич сўнгги икки йилда аввалгиларига қараганда анчагина ошган бўлса-да, ҳали мавжуд имкониятлардан анча пастдир.

Бугунги кунда “Эйрбус”, “Текнип”, “Обертюр”, “Талес”, “Сериннов”, “Комау Франс” каби ўнлаб француз компаниялари Ўзбекистонда турли савдо-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириб келмоқдалар. Икки томонлама муносабатлар нафақат савдо-иқтисодий соҳада, балки сиёсий, маданий, илмий-маърифий ва бошқа кўплаб соҳаларда динамик равишда ривожланиб бормоқда. Айниқса юртимизга ҳам энг кўп сайёҳ айнан Франциядан ташриф буюрмоқда.

Ўзбекистон — Франция муносабатларидаги муштаракликни мамлакатларимиз  ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишончнинг тобора ортиб бораётганида кўриш мумкин. Давлатларимизнинг кўпгина муҳим аҳамиятга эга бўлган муаммоларни ҳал қилиш борасидаги позицияси ҳам бир-бирига яқин. Икки мамлакатнинг халқаро сиёсий майдонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан билдираётган муносабати, низоларни тинч йўл билан ҳал этишга бўлган интилиши бунга яққол далилдир.

Яқин кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Франция Президенти Эммануэл Макроннинг  таклифига кўра, ушбу мамлакатга тарихий ташриф билан бориши кутилмоқда. Мамлакатимиз Президентининг Европа қитъасига биринчи давлат ташрифи ҳисобланган ушбу сафар давомида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва бошқа соҳаларда қатор битим ва шартномаларнинг имзоланиши кутилмоқда.

Бу воқеа тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилиш, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, алоқаларни мустаҳкамлаш, бизнес-тузилмалар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай имкониятлар яратиши шубҳасиз. Қолаверса, Франция, у орқали бутун Европа жамоатчилиги эътиборини мамлакатимизда юз бераётган кенг кўламли ўзгаришларнинг натижаларига қаратиш имкони пайдо бўлади.

Бир сўз билан айтганда, Президентимизнинг ушбу расмий ташрифи Ўзбекистон-Франция алоқаларини янада янги босқичга кўтаришда муҳим амалий қадам сифатида Европа пешқадамларидан бири билан барча жабҳада ҳамкорлик муносабатларида янги саҳифа очиши муқаррар.

 

Феруза ЭШМАТОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

 Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар

Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси

Поделиться