Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистонда фуқароларга бепул маслаҳат берувчи веб-портал яратилади

2018-10-08 | Жамият

Адлия вазирлиги томонидан Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси билан ҳамкорликда турли соҳалар (тадбиркорлик, ижтимоий ҳимоя, ҳуқуқий ҳимоя ва б.ш) бўйича бепул маслаҳат берадиган “Advice.uz” ягона маълумотлар порталини яратиш ишлари бошланди.

Мазкур портални муваффақиятли ишга тушириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти маъмурияти ва Адлия вазирлиги вакилларидан иборат делегациянинг Буюк Британиянинг Лондон шаҳрига ташрифи уюштирилди.

Ташриф давомида Британиянинг фуқароларга маслаҳат бериш бўйича энг яхши амалиётлари, хусусан 1939 йилда ўз фаолиятини бошлаган “Citizens Advice” тармоғи фаолияти билан яқиндан танишилди.

"Citizens Advice" Британиянинг мамлакат бўйича 316 мустақил хайрия ташкилотлари тармоғи ҳисобланади.

Тизим орқали ижтимоий ёрдам, меҳнат муносабатлари, қарздорлик, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оила, уй-жой, суд-ҳуқуқ, миграция соғлиқни сақлаш каби соҳаларда электрон портал, телефон, электрон ва Webchat каби хизматлар орқали ва телефон, электрон ва Webchat хизмати ёрдамида бепул равишда маълумот ва маслаҳатлар тақдим этади.

Бундан ташқари, "Citizens Advice"нинг Буюк Британия ҳудудида 600 дан ортиқ бюроси мавжуд бўлиб, уларга аҳоли ўзининг муаммоси бўйича бепул маслаҳат олиш учун мурожаат қилиши мумкин.

2017-2018 йиллар давомида “Citizens Advice” жамоаси томонидан 2 млн 700 минг нафардан ортиқ шахсларга бевосита ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Онлайн маслаҳат сайтидаги маълумотлардан 43 миллиондан ортиқ шахс фойдаланган.

Ташриф давомида Ўзбекистон делегациясининг Фуқаролар маслаҳатлари бюроси миллий уюшмаси (National Association of Citizens Advice Bureaux – NACAB), мазкур уюшма билан ҳамкорлик қилувчи Буюк Британия ҳукуматининг электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш бўйича хизмати (Government Digital Services-GDS), Бизнес, энергетика ва саноат стратегияси департаменти (Department for Business, Energy and Industrial Strategy) ҳамда Буюк Британияда мустақил маслаҳат хизматлари тармоғини қўллаб-қувватловчи AdviceUK хайрия ташкилоти вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Учрашувлар доирасида делегация аъзолари ва хорижий ташкилот вакиллари ўртасида “Advice.uz” Ягона ахборот портали” лойиҳасини Ўзбекистонда ишга тушириш истиқболлари бўйича фикрлар алмашилди.

"Citizens Advice" вакиллари мамлакатимиз делегациясига уюшма фаолиятига берилган юксак баҳо учун ўз миннатдорчилигини изҳор қилди ҳамда мазкур лойиҳани амалга оширишда керакли бўлган барча ахборот ресурсларини тақдим этиш, эксперт ёрдамини кўрсатиш орқали Адлия вазирлиги билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Government Digital Services вакиллари билан бўлган учрашувда ахборот технологиялари, хусусан, мазкур порталнинг веб платформасини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик қилишга қарор қилинди. Томонлар Ўзбекистон делегациясининг келгуси ташрифида Ҳамкорлик меморандумини имзолашга келишишди.

Бепул маслаҳат берувчи веб-порталнинг яратилиши фуқароларнинг арзимаган масалалар бўйича турли идораларга мурожаат қилишини кескин камайтириши билан биргаликда, кундалик ҳаётда дуч келиши мумкин бўлган турли муаммоли масалаларнинг қонуний ечимини топилишини таъминлайди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги

Поделиться