Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Хавфсиз туризм – сайёҳлик ривожида муҳим омилдир

2018-10-08 | Туризм

3-5 октябрь кунлари пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” кўргазмалар залида “Ипак йўлида туризм” XXIV Тошкент халқаро сайёҳлик ярмаркаси бўлиб ўтди. Мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини кенг намойиш қилиш, чет эллик сайёҳларни юртимизга жалб қилиш мақсадида ўтказилган мазкур ярмарка ғоят самарали, таассуротларга бойлиги билан алоҳида ажралиб турди.

Тадбир бошланишидан олдин ИИВнинг Алоҳида намунали кўргазмали оркестри тантанали равишда турли куйларни ижро этиб, иштирокчилар диққатини ва табассумларини забт этди.

Ўтказилган ярмаркада қўшни давлатлардан ташқари, Таиланд, Сингапур, Миср, Малайзия, Озарбайжон, Ҳиндистон, Корея, Туркия, Хитой, Россия Федерацияси ва яна кўплаб мамлакатлардан ташриф буюрган сайёҳлик фирмалар, туроператорлар, авиакомпаниялар ўз хизматларини намойиш этишди. Хорижлик иштирокчилар юртимизнинг сайёҳлик салоҳияти билан яқиндан танишдилар. Кўргазма доирасида ташкил этилган “Ҳунармандлар шаҳарчаси”, Шарқ бозори, Миллий таомлар фестивали ташриф буюрганларда катта таассурот қолдирди.

Ярмарканинг аввалгилардан фарқли жиҳати шундаки, унда ички ишлар органлари, хусусан Ички ишлар вазирлиги тизимида янги ташкил этилган Хавфсиз туризмни таъминлашни мувофиқлаштириш бошқармаси илк бор иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш соҳасида шу йилнинг ўзида йигирмага яқин қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Туристик салоҳияти юқори бўлган Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз шаҳарларида Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармалари ташкил қилинди ва улар шу йилнинг бошидан фаолият кўрсата бошлади. Тузилма ходимлари авваламбор мамлакатимизга келган хорижий туристларни ҳамда ички туризм доирасида республикамизнинг турли жойларидан ташриф буюраётган сайёҳатчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, сайёҳлик намойиши объектлари ва инфратузилмалари ҳудудларида жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган муҳим хизмат бурчларини адо этиб келмоқдалар.

Зеро, республикамизда жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида ички ишлар органлари томонидан кечаю-кундуз олиб борилаётган кенг қамровли ва тизимли ишлар мамлакатимиз иқтисодий тараққиётининг локомотиви деб эътироф этилаётган туризм салоҳиятини юксалтиришнинг муҳим омилларидан ҳисобланади.

Тадбир иштирокчилари шу ерда ҳозирланган, Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаларига ажратилган, замонавий ахборот технологиялари асосидаги кузатув тизимлари, алоқа воситалари ҳамда сайёҳларга ёрдам кўрсатиш учун зарур анжомлар билан жиҳозланган махсус автобус, хизмат автомашиналари, скутер ва сегвейлар, шунингдек, фаолиятда фойдаланилаётган навигация тизимлари, ўзи учувчи қурилма (дрон) ва планшетлар, хизмат кийимларининг ажралиб турувчи белгиларини алоҳида қизиқиш билан кузатишди.

Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, хавфсиз туризмни таъминлаш бўлинма ходимлари тадбирда намойиш этган техника ва технологиялар, улардан моҳирона фойдаланишлари, тадбирга ташриф буюрган чет эл меҳмонларини қизиқтирган саволларга инглиз, немис, япон ва француз тилларида малакали жавоб беришлари билан бирга юқори савияда эркин суҳбатлаша олишлари иштирокчилар эътиборини жалб этди.

Янги бўлинмалар ишини ташкил этиш тартиби, уларга кадрлар танловининг жараёни хорижий давлатлардан ташриф буюрган меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Уларга Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида ташкил этилган хавф­сиз туризмни таъминлаш бўлинмалари ҳамда улар томонидан ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган фаолият ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Сайёҳлик ярмаркаси иштирокчилари ва меҳмонларга ИИВнинг кўргазмали ахборот стендлари намойиш этилди. Ходимларнинг ҳар кунги хизмат фаолияти акс эттирилган фотолавҳалар, шунингдек, мамлакатимизга келган туристларга янада қулайликлар яратиш мақсадида Ўзбекистонда бўлиш қоидалари, хавфсизлик чоралари, диққатга сазовор туристик объектлар, зарур ҳолларда туристлар ёрдам сўраб мурожаат этиши мумкин бўлган ички ишлар органларининг телефон рақамлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган буклетлар тарқатилди.

- Тарихий шаҳарлари, бетакрор обидалари би­лан хорижликларни ўзига жалб қилиб келаётган Ўзбекистонда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлайдиган тузилма ташкил этилгани мени жуда хурсанд қилди, - дейди ярмаркада иштирок этган Туркия давлати фуқароси Нежат Бил. - Айниқса, ёш ходимларнинг хорижликлар билан бемалол суҳбатлашиши мени ҳайратлантирди. Меҳмонларни бошига кўтарадиган халқнинг, сайёҳлик ривожи учун уларнинг хавфсизлигини биринчи ўринга қўядиган давлатнинг бу сиёсати, албатта, ўзининг яхши натижасини беради.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, тадбир давомида ички ишлар органлари томонидан республикамизда хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг хавфсизлиги тўла ва ишончли таъминланиши, тинч ва осойишта юртимизда уларга ҳеч бир хавф даҳл қилмаслиги ишончли кафолатланиши яққол намоён қилинди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

Поделиться