Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазирлиги томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича иншолар танловининг 1-босқичи учун мавзу эълон қилинди
2018-10-04 | Жамият
Адлия вазирлиги Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан “Биз коррупцияга қаршимиз” номли мегатанлов эълон қилган эди.
Тўрт номинация бўйича ўтказилаётган ушбу мегатанловнинг тўртинчи йўналиши – “Коррупция – тараққиёт кушандаси” умуммиллий иншолар танлови учун мавзулар эълон қилинди.
Эслатиб ўтамиз, танлов уч босқичда (туман (шаҳар), вилоят, республика) ўтказилади.
1-босқич учун мавзу:
“Коррупция ва мен” – Коррупциянинг фуқаролар, муайян шахс ҳаётига таъсири, қонунга итоаткорлик юксак қадрият ва коррупцияга қарши курашнинг асоси экани, қариндош-уруғчилик, порахўрлик, кўзбўямачилик, қонунга итоатсизлик ва жавобгарликдан қўрқмасликнинг салбий оқибатлари, коррупцияга нисбатан фуқаролик позицияси, хусусан, тоқатсизлик, муросасизлик ва унга бош қўшмаслик лозимлиги каби масалалар ёритилиши керак.
“Энг яхши иншо учун” номинацияси бўйича танлов икки гуруҳ кесимида ўтказилади:
биринчи гуруҳ – умумий ўрта таълим мактабларининг 8–11 синфлари ҳамда лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасида;
иккинчи гуруҳ – олий таълим муассасалари талабалари ўртасида.
Танловнинг биринчи гуруҳи учун номзодлар ўз ижодий ишларини ота-онаси ёки ўқитувчиси номидан кузатув хати (унда иштирокчи ва ота-она ёки ўқитувчи ҳақида маълумот ҳамда алоқа маълумотлари кўрсатилади) билан бирга, иккинчи гуруҳ эса ўзи ҳақидаги маълумотнома (объективка) билан бирга топширадилар.
Танловнинг 1-босқичида иншолар шу йилнинг 20 октябригача туман (шаҳар) адлия бўлимларига шахсан топширилиши керак.
Иншолар эркин мавзуда иншо ёзиш қоидаларига риоя этган ҳолда ёзилиши, ҳажми 1000 та сўздан ошмаслиги лозим.
Танловда вояга етмаган иштирокчилар ўз ижодий ишларини ота-онаси ёки ўқитувчиси номидан кузатув хати (унда иштирокчи ва ота-она ёки ўқитувчи ҳақида маълумот ҳамда алоқа маълумотлари кўрсатилади) билан бирга, қолганлар эса ўзи ҳақидаги маълумотнома (объективка) билан бирга топширадилар.
Маълумотномада алоқа маълумотлари (e-mail, телефон рақами, манзил) кўрсатилган бўлиши керак.
“Энг яхши иншо учун” номинациясининг ҳар бир гуруҳ бўйича ғолибларига Sаmsung S9 смартфони берилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги