Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамда Ташқи савдо вазирлиги фаолияти юзасидан ахборот эшитилди
2018-09-29 | Иқтисодиёт
2018 йилнинг 28 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамда Ташқи савдо вазирлиги фаолиятига доир ахборот эшитилди.
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи савдо вазирлиги, алоқадор вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари ва ходимлари, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ҳамда Ташқи савдо вазирлигининг фаолияти савдо-иқтисодий алоқаларни ва инвестицион ҳамкорликни ривожлантиришга, мамлакат минтақаларига хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этишда муҳим вазифалар бажаришга, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва демократик ўзгаришларни самарали амалга оширишга, халқаро майдонда мамлакатимиз нуфузини мустаҳкамлаш ва халқ фаровонлигини оширишга қаратилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 21 июнь куни тармоқлар ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳолати, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этиш ва ўзлаштириш натижалари таҳлилига бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, мамлакатимизда инвестиция муҳити яхшилангани туфайли иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри сармоялар фаол кириб келмоқда.
Хусусан, хорижий давлатларга ташрифлар ва музокаралар натижасида қиймати 17 миллиард доллар бўлган 182 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш тўғрисида дастлабки келишувга эришилди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида умумий қиймати 64 миллиард доллар бўлган 849 та лойиҳа рўйхати тузилди.
2018 йилнинг январь-август ойлари якуни бўйича республика ташқи савдо айланмаси 20,6 млрд. долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18,5 фоизга ўсди. Шу жумладан, экспорт ҳажми 8,6 млрд. долларга етди (ўсиш суръати 31,2 %). Ташқи савдо салбий сальдоси 3,4 млрд. долларни ташкил қилди. Экспорт таркибида товарлар 76,9 фоизлик улушга эга, булар асосан энергия манбалари ва нефть маҳсулотлари (20,4 %), озиқ-овқат маҳсулотлари (8,6 %), шунингдек, кимё маҳсулотлари ва ундан тайёрланган буюмлар (7,2 %).
Шу билан бирга, амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда мазкур йўналишларда ўз ечимини кутаётган муаммолар ва тўлиқ фойдаланилмаётган имкониятлар мавжудлиги миллий қонун ҳужжатлари талабларини ҳамда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиқадиган вазифаларни бажариш, шунингдек ташқи иқтисодий алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш ва фаоллаштириш зарурлигини тақозо этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган ҳужжатлар ҳамда қарорлар тўлиқ бажарилмаслиги, шунингдек мурожаатлар билан ишлаш борасида ҳам муаммолар мавжудлиги мамлакатимиз иқтисодиётига ва халқаро нуфузига салбий таъсир кўрсатиши қайд этилди.
Маърузачилар ўз нутқларида назоратни янада кучайтириш, хусусан Президент қарорлари ва фармойишлардаги топшириқларнинг бажарилишини назорат қилиш самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли чоралар кўриш зарурлигини таъкидладилар.
Президентимиз пойтахтимиз Олмазор туманига амалга оширган ташрифи давомида белгилаб берилган ва 4 та сектор раҳбарлари олдига ҳар йили ўз сектори ҳудудида 20 миллион доллардан жами 80 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилиш вазифасини бажариш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Унда секторлар раҳбарларининг тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиш ишларини алоҳида назоратга олиш, туманга инвестициялар киритиш, кичик саноат зоналари фаолиятини самарали йўлга қўйиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Қўмита мажлисида Ташқи ишлар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат ҳудудларига чет эл инвестициялари ва замонавий технологиялар жалб қилиш, ягона давлат инвестиция сиёсатини шакллантириш ва юритиш, шунингдек Ташқи савдо вазирлигига мамлакат экспорт салоҳиятини ривожлантириш, товарлар, ишлар ва хизматлар экспортини қўллаб-қувватлаш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
Шу билан бирга муҳокама чоғида мажлис иштирокчилари юқорида кўрсатилган масалалар ва билдирилган таклифлар барча манфаатдор томонларнинг фаол иштирокида дарҳол ҳал этиш лозимлигини таъкидлади.
Мажлис якунида Қўмитанинг ушбу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўришга қаратилган қарори қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати