Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Оила посбони, эзгулик маскани

2018-09-29 | Жамият

Пойтахтимизда «Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли» мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Унда Афғонистон, Бельгия, Буюк Британия, Испания, Италия, Миср, Покистон, Россия, Озарбайжон, Корея Республикаси, Ҳиндистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон давлатларнинг етакчи эксперт ва олимлари, мутахассислари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш тизими, Хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари иштирок этди. 
 
Мазкур халқаро анжуман Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши томонидан Ташқи ишлар вазирлиги, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳамда Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилди. 
 
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 11 октябрь куни Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш тўғрисида сўз юритиб, Ўзбекистонда 2018 йилда “Оилани мустаҳкамлаш ва ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органларининг роли” мавзуида халқаро конференция ўтказиш ҳақида билдирган таклифлари асосида мазкур анжуман ташкил этилди. 
 
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Ш.Жавлонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидов, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси Қ.Қуронбоев, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Д.Тошмуҳамедова, “Нуроний” жамғармаси бошқаруви раиси Ш.Жалилов ва бошқалар мамлакатимизда кенг қамровли ислоҳотлар босқичма-босқич, кучли ижтимоий йўналтирилган ҳолда, халқимизнинг ибратли анъаналари, миллий менталитетимизга ҳамоҳанг тарзда амалга оширилаётганини таъкидлади. 
 
Бу жараёнда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, маҳаллалар нуфузи ва мавқеини, ваколатини кенгайтириш, ёшлар тарбиясини устувор билиш каби масалалар доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Мазкур жабҳаларга оид ҳуқуқий кафолатлар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида мустаҳкамлангани билан аҳамиятлидир. 
 
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 февралдаги "Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ҳамда 2018 йил 2 февраль куни қабул қилинган "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонлари оила институтини мустаҳкамлаш, маҳаллалар, хотин-қизлар қўмитаси ишини замон руҳига монанд тарзда йўлга қўйишда янги босқични бошлаб берди. 
 
Анжуманда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби ўринбосари А.Носиров, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитасининг гуманитар ҳамкорлик, умумсиёсий ва ижтимоий муаммолар департаменти директори ўринбосари Р.Хумарян, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бошлиғи Х.Фрайзер, ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори Ж.Макгрегор оилавий қадриятларни асраш долзарб экани, ушбу масала 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз аксини топганини таъкидлади. 
 
Дарҳақиқат, юртимизда миллий анъана ва қадриятларни асраш, маҳалла институтини ривожлантириш, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар хорижлик экспертлар, олимлар, маърифий жамоатчилик томонидан юксак эътироф этилмоқда. Бу борада ҳамкор ташкилотлар жойларда аҳоли, хусусан, хотин-қизлар, ёшларга оид долзарб масалаларни амалий ҳал этиш ва оилаларни мустаҳкамлаш бўйича фаол ишлар олиб бормоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 5 миллионга яқин оилаларнинг ижтимоий-маънавий муҳити ўрганилди, ўрганиш натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Натижада, 11209 та оиланинг низоларига барҳам берилди, 4414 та оила ажралиб кетишдан сақлаб қолинди. 
 
Шу билан бирга маҳалла фуқаролар йиғинлари қошидаги турли йўналишлар бўйича комиссиялар оилалар мустаҳкамлигига ҳисса қўшиш, ажримларнинг олдини олиш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга ҳисса қўшиш, соғлом туруш тарзини тарғиб этиш борасида муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. 
 
– Бугунги глобаллашув даври оилавий қадриятларга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмаяпти, – дейди Озарбайжон Республикаси Оила, аёл ва болалар масалалари давлат қўмитаси раиси ўринбосари Садагат Гахраманова. – Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларга маҳаллалар фаол ҳисса қўшмоқда. Бу борада оилалар манфаатларини ҳимоялаш, уларни турли ажримлардан асраш, ёшларни баркамол шахс сифатида вояга етказишда маҳалланинг фаоллиги яққол кўзга ташланмоқда. Одамларнинг аксарият муаммолари маҳалланинг ўзида ҳал этилаётгани таҳсинга лойиқ. 
 
– Оила мустаҳкам бўлса, жамият юксалади, мамлакат равнақ топади, – дейди Корея Республикаси болалар ва таълимга эътибор масалаларини ўрганиш институти директори Мун Му Кёнг. – Ушбу конференция оилалар мустаҳкамлигини таъминлашдек эзгу мақсадларга йўналтирилгани билан диққатга сазовор. 
 
– Маҳаллаларни ўрганиш билан бирга уларнинг ҳуқуқий ваколатлари, фаолиятининг асосий тамойиллари ҳақидаги тушунчаларимиз янада кенгайди, – дейди Осиё тадқиқотлари бўйича Европа институти эксперти Фредерик Герман Калиер (Бельгия). – Конференция асносида маҳаллаларнинг ваколатни кенгайтириш, уларнинг мавқеини юксалтириш, оилалар, ёшлар билан ишлаши учун яратилган ҳуқуқий механизмлар билан пухта танишдик. Ўзбекистон маҳаллалари – ажойиб модель экан. 
 
– Айрим давлатларда бугунги кунда индивидуализм ғоят кучайиб бормоқда, – дейди Мадриддаги Сан Пабло университети профессори Антонио Алонсо Маркос (Испания). – Оилалар аҳволидан, ёшлар тарбиясидан маҳаллаларнинг доимий бохабарлиги, масъуллиги, қўшнилар ўртасидаги қадрдон ва самимий муносабатлар ғоят ҳайратланарли ва ибрат олса арзийдиган қадриятлардир. 
 
Конференцияда Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш Концепциясининг мазмун-моҳияти бўйича ҳам батафсил маълумот берилди. Хорижлик иштирокчиларга жамият ва давлатнинг асосини ташкил этувчи ҳақиқий фундаментал қадрият сифатида оилани сақлаш ва мустаҳкамлаш, ёшлар маънавий-ахлоқий тарбиясининг авлодларни боғловчи асоси, замонавий оила ривожланишининг муаммолари, намунали оилани аниқлаш мезонлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Фуқаролар йиғини ҳузуридаги «Ота-оналар университети» жамоатчилик тузилмасининг фаолияти анжуман иштирокчиларига ғоят манзур бўлди. 
 
Конференцияда оилавий қадриятларни сақлаш ва мустаҳкамлаш, ҳар томонлама ривожланган, мустақил фикрловчи, ташаббускор ва фаол ёшларни тарбиялашда ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоатчилик тузилмалари иштирокининг ҳуқуқий, ташкилий ва методик масалалари бўйича тажриба алмашилди. Муҳокама этилган масалалар бўйича амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. 
 
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Т.Норбоева сўзга чиқди. 
 

 

Назокат Усмонова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА 

Манба: ЎзА

Поделиться