Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом тараққиёт банки Президентини қабул қилди

2018-09-20 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни мамлакатимизда бўлиб турган Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг етакчи араб жамғармалари делегациясига бошчилик қилаётган Ислом тараққиёт банки Президенти Бандар Ҳажарни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ислом тараққиёт банки билан мамлакатимизда устувор ижтимоий-иқтисодий ва маданий-гуманитар лойиҳаларни амалга оширишда кўп йиллик шериклик қарор топганини катта мамнуният билан қайд этди.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг ИТБ гуруҳи билан ўзаро манфаатли ҳамкорлиги доирасида юртимизга 1,9 миллиард долларлик имтиёзли кредит маблағлари жалб этилган бўлиб, улар иқтисодиётнинг турли тармоқларига оид лойиҳаларни ўз ичига олади. 

Ушбу лойиҳалар йўл-транспорт, энергетика ва коммунал инфратузилмани модернизация қилиш, қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши, ичимлик суви билан таъминлаш тизимини, соғлиқни сақлаш ва таълимни ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш каби соҳаларни қамраб олган.

Суҳбат чоғида ушбу банк билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Қишлоқ аҳолисининг ҳаёт сифатини яхшилаш, инфратузилмани модернизация қилиш, мамлакатимиз ҳудудларидаги тиббиёт ва таълим муассасаларини замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг экспорт салоҳиятини, жумладан, давлат-хусусий шериклик механизмларидан фойдаланган ҳолда рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳамкорлик учун улкан салоҳият, энг муҳими, уни янада мустаҳкамлашга ўзаро интилиш мавжудлиги таъкидланди. Куни кеча Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "ИТБ гуруҳи куни" доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Ислом тараққиёт банки ўртасида 2018-2021 йилларга мўлжалланган 1,3 миллиард долларлик шериклик стратегияси имзолангани бунинг далилидир. 

Президентимиз Ислом тараққиёт банки раҳбарига жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш мақсадида Самарқандда ташкил этилган Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятига кўрсатилаётган кўмак учун самимий миннатдорлик билдирди.

Бандар Ҳажар, ўз навбатида, Ўзбекистон Ислом тараққиёт банки гуруҳи учун минтақадаги асосий шериклардан бири эканини таъкидлади. 

Меҳмон Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишларга юксак баҳо бериб, ИТБ мамлакатимиздаги ислоҳотларга ҳар томонлама кўмакни кенгайтириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканини қайд этди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться