Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Европа парламенти делегацияси Ўзбекистонда
2018-09-20 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида 19 сентябрь куни Кристиан Дан Преда бошчилигидаги Европа парламенти Ташқи ишлар қўмитаси делегацияси билан учрашув бўлди.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси А.Курманов меҳмонларни Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан таништирди. Давлат қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини мустаҳкамлаш борасида парламент ролини янада ошириш бўйича изчил ишлар қилинаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон барча йўналишда, хусусан, ташқи сиёсат соҳасида ҳам ўзаро манфаатга асосланган позициясини намоён этмоқда. Жаҳон ҳамжамияти мамлакатимиз билан савдо-иқтисодий, сиёсий, маданий-гуманитар жабҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантиришга катта қизиқиш билдирмоқда.
Учрашувда парламентлараро алоқалар истиқболлари, ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Европа иттифоқи Марказий Осиё мамлакатлари билан ўзаро фойдали ҳамкорлик бўйича янги стратегияни амалга оширишдан манфаатдор экани таъкидланди. Европа иттифоқи билан Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни жадал ривожлантириш нафақат ЕИ мамлакатлари ва Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари манфаатларига ҳам жавоб беради.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида делегация аъзолари билан кечган учрашувда мавжуд алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш диққат марказида бўлди.
Марказий Осиё минтақаси учун долзарб бўлган Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ экологик муаммога эътибор қаратилди. Юқори мартабали меҳмонлар экологик фожиа оқибатларини камайтириш борасида Ўзбекистон томонидан амалий чоралар кўрилаётганини эътироф этди.
Европарламент аъзолари Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги муносабатлар ҳар иккала томон манфаатларига мос келишини, уни янада ривожлантиришда ҳали ишга солинмаган имкониятлардан тўла фойдаланиш бирдек манфаат келтиришини қайд этди.
Мулоқот давомида томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Манба: ЎзА