Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Дилором Тошмуҳаммедова янги тизимдаги раҳбарлик фаолиятини янги марказ очишдан бошлади

2018-09-15 | Жамият

Термизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Сурхондарё вилояти бошқармасининг тубдан реконструкция қилинган янги биноси фойдаланишга топширилди. 

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, ёшлар иштирок этган тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Қобулова, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори Д.Тошмуҳаммедова ва бошқалар мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. 

Уч қаватли муҳташам бинода вилоят ва Термиз шаҳар марказларининг самарали фаолият юритиши учун барча замонавий шароитлар яратилган. Биринчи қават “Оила” маркази билан ҳамкорликда ишлайдиган нодавлат ташкилотларга ажратилган. Иккинчи қаватда шаҳар “Оила” маркази, бой китоб фондига эга “Оила” кутубхонаси, ўқув заллари, тренирлар учун махсус жиҳозланган хоналар ҳамда фуқароларни қабул қилиш хонаси жойлашган.

 
“Оила” марказининг вилоят бошқармаси учинчи қаватга жойлашган. Бу ерда кенг, ёруғ фаоллар зали ҳам бунёд этилиб, замонавий усулда жиҳозланган. Ер тўлада ошхона ва омборхона қурилган. Барча қаватларга кузатув камералари ўрнатилгани, хоналар замонавий ахборот-коммуникация жиҳозлари билан таъминлангани ҳам ходимларнинг иш сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этади. 

– Давлатимиз раҳбари ғояси асосида ташкил этилган янги марказ хотин-қизлар қўмитасининг энг яқин ҳамкори ва кўмакчисига айланмоқда, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Қобулова.– Айни пайтда воҳада маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаб, манзилли рўйхатларини шакллантириш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш сингари хайрли ишларда марказ ходимлари яқиндан кўмаклашаётир. “Оила– жамият ва давлат ҳимоясида” конституциявий тамойилини кенг тарғиб қилишга интилмоқда. Янги бинода марказ билан ҳамкорликда фаолият юритадиган “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди вилоят бўлими, “Барқарор ҳаёт” нодавлат нотижорат ташкилоти ва бошқа қатор хўжалик юритувчи ташкилотларга ҳам хона ажратилди. Бу уларнинг марказ билан яқин алоқада бўлиб, иш юритишида муҳим ўрин тутади. 

Вилоятда 700 мингдан ортиқ оила мавжуд. Марказ ходимлари оилалар ўртасида “Соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга изчил татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини амалга оширишга бел боғлаган. Шу мақсадда замонавий оилани ривожлантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, оиланинг ички муносабатлари, бой маданий, тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича тадқиқотлар ўтказиш асосида оила институтини мустаҳкамлашга эътибор қаратмоқда.
 
– Дастлабки таҳлилларимизга кўра, вилоятда 500 дан ортиқ нотинч оила бор, – дейди “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Сурхондарё вилояти бошқармаси раҳбари Д.Жўраева. – Шунингдек, 4 минг 912 ночор, 372 оила ажрим ёқасида тургани маълум бўлди. Ҳозир биз жойлардаги ана шу оилалар билан тадқиқот олиб бориб, ишлаяпмиз. Ўқув курсимизга тажрибали психолог, социолог ва ҳуқуқшуносларни, репродуктив маркази мутахассислари, имом-хатиблар ва отинойиларни жалб этиб, ёш оилалар, йигит-қизлар, никоҳланувчи шахслар иштирокида семинар-тренинг машғулотлари ташкил этилмоқда. Янги бинода зиммамизга юкланган барча ишларни сифатли, тезкор амалга ошириб, жамиятимизнинг асосий бўғини бўлган оилаларни янада мустаҳкамлаш учун барча шароит яратилгани бизни кўпроқ изланиб, унумли меҳнат қилишга ундамоқда. 

Тадбир иштирокчилари замонавий қиёфада қад ростлаган кўркам бинода яратилган қулайликлар билан танишди. 

 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться