Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбиркорлик субъектларига мурожаатнома
2018-08-29 | Туризм
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5409-сонли Фармонига мувофиқ, тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида 2018 йил 1 июндан туризм фаолиятини амалга ошириш бўйича лицензияларни бериш Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасидан унинг ҳудудий бўлинмаларига ўтказилган.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари томонидан туризм фаолиятини амалга ошириш бўйича лицензия бериш амалиёти янгидан йўлга қўйилаётганлиги сабабли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини бузилишини олдини олиш мақсадида Қўмита томонидан ҳудудий бўлинмаларнинг лицензия бериш фаолиятини мувофиқлаштириш ва такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Шу муносабат билан, Сиздан туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияларни олишда муаммоли ҳолатлар (лицензияни кўриб чиқиш ва бериш муддатлари бузилиши, ҳужжатларни асоссиз қайтариш, қонунчиликда назарда тутилмаган қўшимча ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш ва ҳ.к.) юзага келганда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг қўнғироқлар қабул қилиш марказига (+99871 200-00-88) ёки Лицензиялаш, сертификатлаш ва туризм соҳасида субъектларнинг реестрини юритиш бошқармасига (+99871 233-12-74) мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Шунингдек, зарурат туғилганда юқоридаги ҳолатлар юзасидан туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш учун берилган ариза нусхасини Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига тақдим этиш тавсия этилади ва ариза ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиб, белгиланган муддатларда (10 иш куни) қарор қабул қилиниши кафолатланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги