Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Экстремистик ташкилотларнинг рўйхати Адлия вазирлигининг расмий веб-сайтларида эълон қилинади
2018-08-28 | Жамият
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасида кенг кўламли ва самарали ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳатлар натижасида барча соҳалар ривожланиб бормоқда.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ва уларни ижро этиш билан боғлиқ бўлган муносабатларда ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Жорий 2018 йилда кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва уларнинг ижроси амалга оширилмоқда. Бугунги кундаги зарурияти ва тартибга солиниши лозим бўлган ижтимоий муносабатларнинг муҳим аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг зарур эканлигини билишимиз мумкин.
Масалан, 2018 йил 30 июлда Ўзбекистон Республикасининг “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Мазкур қонуннинг мақсади экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамиятга эгадир. Негаки, экстремизмнинг салбий оқибатлари жуда ҳам аянчли ва ҳалокатли ҳолатларни юзага келтириши ҳаммамизга сир эмас. Экстремизм туфайли мамлакатнинг барча тармоқлари зарар кўриши билан бирга фуқаролар ҳам оғир асоратли зарбага учраши мумкин. Мазкур қонуннинг қабул қилиниши натижасида экстремизмга қарши курашиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлар тартибга солинади. Шунингдек, экстремизм тушунчасига қонунда аниқ таъриф берилиши ҳам муҳим аҳамиятга эгадир. Экстремизм деганда, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳокимиятни зўрлик ишлатиб эгаллашга ва унинг ваколатларини ўзлаштириб олишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга қаратилган ҳаракатларнинг ашаддий шакллари ифодаси эканлиги тушунилиши белгиланди. Экстремизмга қарши курашиш фаолиятининг аниқ меҳанизми ишлаб чиқилди. Мазкур қонун билан экстремизмга қарши курашишнинг асосий принциплари белгилаб қўйилди. Шу билан бирга, экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳам белгиланди. Бундан ташқари экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органларининг доираси белгиланди. Мазкур қонун қабул қилиниши билан экстремизмнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилди. Уларга қуйидагилар киради:
экстремистик фаолиятни амалга оширишга йўл қўймаслик тўғрисида расмий огоҳлантириш чиқариш;
юридик шахс томонидан экстремистик фаолият амалга оширилишига йўл қўймаслик тўғрисида тақдимнома киритиш;
экстремистик материалларни олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этишни тақиқлаш;
экстремизмни молиялаштиришни тақиқлаш;
юридик шахснинг фаолиятини тўхтатиб туриш;
ташкилотни экстремистик ташкилот деб топиш.
Экстремистик фаолият белгиларини ўз ичига олган, тайёрланаётган ғайриқонуний ҳаракатлар тўғрисида етарлича ва аввалдан тасдиқланган маълумотлар мавжуд бўлган ҳамда жавобгарликка тортиш учун асослар мавжуд бўлмаган тақдирда, экстремизмга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органининг мансабдор шахси экстремизмнинг юзага келишига йўл қўяётган мансабдор шахсларга ва жисмоний шахсларга бундай фаолиятга йўл қўймаслик тўғрисида ёзма шаклда расмий огоҳлантириш чиқаради, огоҳлантиришда уни чиқаришнинг аниқ асослари кўрсатилиши лозим. Шунингдек, юридик шахслар фаолиятида экстремизм белгилари аниқланса прокурор ёки ваколатли мансабдор шахс қонунбузарликка йўл қўймаслик тўғрисида тақдимнома киритади. Белгиланган муддатда қонунбузарликлар бартараф этилмаса юридик шахснинг фаолияти суднинг қарори билан олти ойгача бўлган муддатга тўхтатиб турилади ёки Ўзбекистон Республикаси Олий судининг қарори билан тақиқланади. Муайян ташкилотни экстремистик ташкилот деб топиш суд тартибида амалга оширилади. Экстремистик ташкилотларнинг рўйхати Адлия вазирлиги ва Олий суднинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади. Экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун жавобгарлик масаласи ҳам мазкур қонунда ўз ифодасини топди. Яъни, фуқаролар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар экстремистик фаолиятни амалга оширганлик учун жавобгарликка тортилади. Агар Ўзбекистон Республикасидан ташқарида рўйхатга олинган минтақавий, халқаро ёки хорижий ташкилот Олий суд томонидан экстремистик ташкилот деб топилган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мазкур ташкилотнинг фаолияти тақиқланади ҳамда бу ташкилот тугатилади, унга тегишли бўлган мол-мулк эса мусодара қилинади ҳамда давлат мулкига ўтказилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги