Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Депутатлар Давлат бюджетининг 2018 йил I ярим йиллигидаги ижросини кўриб чиқдилар
2018-08-28 | Иқтисодиёт
Жорий йилнинг 27 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил I ярим йилликдаги ижроси якунларини кўриб чиқдилар.
Ушбу масала даставвал сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг, шунингдек, Қонунчилик палатаси масъул қўмитасининг кенгайтирилган мажлисларида муҳокамалардан ўтказилган эди.
Мажлис аввалида депутатлар Президентимизнинг 2018 йил 22 августда қабул қилинган, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг шаклланиши ҳамда ижроси жараёнларини такомиллаштиришга, бунда халқимизнинг бевосита иштирокини таъминлашга қаратилган “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига алоҳида эътибор қаратиб, ушбу ҳужжат бюджет маълумотларининг очиқлиги ва шаффофлигини янада оширишга, бюджет маблағларининг шаклланиши ҳамда сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини янада кучайтиришга хизмат қилишини таъкидладилар.
Мажлисда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини тубдан ривожлантириш бўйича мамлакатимиз Президенти ва Ҳукумати томонидан эртанги кун талабларига жавоб берадиган тизимли ислоҳотларнинг юритилиши иқтисодиётни янги асосда ташкил этиш, янада эркинлаштириш, ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсифиқация қилиш, ҳудудларнинг хомашё ва ресурс салоҳиятидан оқилона фойдаланиш, фаол инвестиция сиёсати юритиш ҳамда бизнес муҳитини яхшилашнинг кенг имкониятларини яратиб, 2018 йилнинг I ярим йиллигида макроиқтисодий барқарорликни ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлаш имкониятини яратгани алоҳида қайд этилди.
Бунинг натижасида, жорий йилнинг I ярми якунига кўра, мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 153 триллион сўмни, бу борада ўсиш ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,9 фоизни ташкил этди. Шу билан бирга, 2017 йилнинг мос даврига нисбатан саноат – 6,1 фоизга, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги – 2,7 фоизга, қурилиш – 9,7 фоизга, савдо, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар – 1,7 фоизга, бошқа хизматлар соҳаси – 5 фоизга ўсишига эришилди.
Йиғилишда мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда солиқ-бюджет сиёсати соҳасидаги, хусусан солиқ маъмурчилигини ва бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, маҳаллий бюджетлар даромад базасини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилган комплекс чора-тадбирлар натижасида 2018 йилнинг биринчи ярмида Давлат бюджети тасдиқланган параметрларга мувофиқ амалга оширилиб, 144,3 млрд. сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,1 фоиз миқдорида профицит билан ижро этилиши таъминлангани таъкидланди.
Депутатлар давлат бюджети даромадлари ижросига тўхталиб, ҳисобот даврида Давлат бюджети даромадлари 33 161,5 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 47,7 фоиз ўсишига эришилгани, белгиланган режа 4 863,7 млрд. сўмга ортиғи билан ёки 117,2 фоизга бажарилганини ижобий баҳоладилар.
Депутатлар Давлат бюджетининг харажатларига ҳам алоҳида эътибор билан ёндашдилар. Бу харажатлар (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 33 017,2 млрд. сўмни ташкил қилгани қайд этилди. Ҳисобот даврида Давлат бюджети харажатларининг ижтимоий йўналтирилгани таъминланиб, соҳага умумий харажатларнинг 55,7 фоизи миқдорида маблағлар сарфланган. Бунда асосий эътибор аҳолининг реал даромадларини изчил ошириб бориш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантиришга, шаҳар ва қишлоқ жойларда аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашни таъминловчи арзон уй-жойлар барпо этиш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларни ўз вақтида молиялаштиришга қаратилгани диққатга моликдир.
Йиғилишда аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, арзонлаштирилган уй-жойлар қуриш сингари ижтимоий аҳамияти юқори бўлган йирик лойиҳаларни амалга ошириш борасида Президентимиз томонидан белгиланган вазифаларни бажариш Давлат бюджети ижросининг устувор йўналишлари бўлгани алоҳида эътироф этилди. Жумладан, таълим соҳасига ижтимоий харажатларнинг 52,2 фоизи ажратилгани, соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 4 178,8 млрд. сўмни ташкил этгани шуни кўрсатиб турибди.
2018 йилда тез-тиббий ёрдамни молиялаштириш ҳажми оширилди. Ҳудудлардаги тез тиббий ёрдам бригадаларини марказлашган тарзда дори воситалари ва тиббиётда қўлланиш учун мўлжалланган буюмлар билан таъминлашнинг янги тартиби жорий этилди. Онкология муассасаларини молиялаштириш ҳажми 2017 йилга нисбатан 1,5 баробарга оширилди. Бундан ташқари, ҳисобот даврида қариялар ва ногиронлар учун санаторийлар ҳамда интернат уйларига – 52,8 млрд. сўм, кичик ёшдаги ногирон болалар учун интернат-уйларига – 18,9, уй шароитида ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлинмаларига – 18,1, ногиронлар реабилитация марказларига – 12 млрд. сўм маблағлар йўналтирилди.
Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва унинг турмуш фаровонлигини ошириш харажатларига Давлат бюджетидан 1 397,8 млрд. сўм миқдорда маблағлар йўналтирилган. Биргина болаликдан ногиронлар учун тўланадиган нафақаларга Давлат бюджетидан 511 млрд. сўм маблағ ажратилгани ушбу соҳага эътиборнинг кучайиб бораётганидан далолатдир.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг маҳаллий бюджетларни шакллантиришда ва маблағлардан самарали фойдаланишда мустақиллиги ва масъулиятини ошириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида маҳаллий бюджетларга 1 трлн. 715 млрд. сўм миқдорида қўшимча маблағлар туширилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 6 баробарга кўп бўлиб, улар бевосита маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрида қолдирилиб, ҳудудларни ривожлантиришга ҳамда жойлардаги мавжуд муаммоларни, ечимини кутаётган масалаларни ҳал этишга сарфланган.
Шу билан бирга, депутатлар бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланиш, уларнинг ноқонуний ишлатилиши билан боғлиқ айрим камчиликлар ҳам мавжудлигини кўрсатиб ўтдилар. Хусусан, ҳисобот даврида айрим бюджет ташкилотларида маблағларнинг ишлатилиши билан боғлиқ молиявий ҳуқуқбузарликларга йўл қўйгани, айрим тармоқларда тўлов интизомига риоя этилмагани оқибатида дебиторлик ва кредиторлик, айниқса, бюджет олдидаги боқиманда қарздорликнинг юзага келаётгани кескин танқид қилинди. Вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг ижро интизомини кучайтириш, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида ва сифатли ижро этилиши устидан қатъий парламент назоратини амалга ошириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Бир сўз билан айтганда, мажлисда мамлакатимиз асосий молиявий ҳужжатининг ҳисобот давридаги ижроси талабчанлик руҳида, танқидий-таҳлилий тарзда кўриб чиқилди.
Мажлис якунларига кўра, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2018 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси