Пойтахтимизнинг «Wyndham Tashkent» меҳмонхонасида Ўзбекистонда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тизимини жорий этишнинг аҳамиятига бағишланган семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Марказий Осиё минтақавий экология марказининг мамлакатимиздаги филиали, БМТ Европа иқтисодий комиссияси ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори (ЕХҲТ) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, нодавлат ва нотижорат ташкилотлар вакиллари, олий ўқув юртларининг профессор ва ўқитувчилари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ў.Ўтаев, Марказий Осиё минтақавий экология марказининг мамлакатимиздаги филиали директори Ш.Умарова, БМТ Европа иқтисодиёт комиссияси атроф-муҳит масалалари бўйича ҳудудий маслаҳатчиси С.Раднаарагчаа, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори Ж.Макгрегор ва бошқалар она табиатни асраш ва унга зарар келтирадиган омилларни бартараф этиш, шунингдек, атроф-табиий муҳитга кўрсатилаётган антропоген таъсирни камайтиришда экологик хавфсизликни таъминловчи комплекс чораларни қабул қилиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Тадбирда қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Экологик экспертиза тўғрисида”ги қонунларида атроф-муҳит ва табиатни асраш муҳимлиги кўрсатиб ўтилган. Унга мувофиқ, ҳар бир объект давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши белгиланган. Чунки мамлакатда қишлоқ хўжалиги ва саноатнинг тез суръатларда ривожланиши, автотранспорт воситалари сонининг кўпайиши кузатилмоқда. Буларнинг барчаси табиий муҳитга сезиларли даражада таъсир этмоқда.
Экспертларнинг хулосасига кўра, инсон саломатлигига таъсир этувчи омилларнинг 20-25 фоизи атроф-муҳит билан боғлиқ экан. Масалан, атмосфера ҳавоси ва сув объектларининг ифлосланиши, тупроқнинг деградацияси, зарарланган атроф-муҳитда етиштирилаётган, ёки ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва бошқа омиллар инсон саломатлигига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.
– Шу сабабли табиатга кўрсатилаётган салбий таъсирни камайтириш бўйича тизимли ҳамда ҳар томонлама пухта ўрганилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарур, – деди қўмита ҳузуридаги Давлат экологик экспертиза маркази бошқарма бошлиғи Адҳам Қурбонов. – Ушбу семинар мамлакатимизда давлат экологик экспертизаси соҳасидаги қонун ва қонуности ҳужжатларни халқаро стандартлар ва Эспо Конвенцияси талабларидан келиб чиққан ҳолда мослаштириш, бу борада хориж тажрибасини ўрганиш ва таҳлил қилишга бағишланди. Яна бир асосий мақсад Ўзбекистонда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тизимини жорий этиш аҳамиятини ўрганишдир. Бунда ҳуқуқий масалалар бўйича халқаро эксперт Ержи Ендрошканинг атроф-муҳитга таъсирни баҳолашнинг халқаро концепцияси ва Эспо Конвенция талаблари ҳақида маърузаси иштирокчиларда катта қизиқиш ўйғотди.
БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг Трансчегаравий контекстда атроф-муҳитни баҳолаш тўғрисидаги Конвенцияси 1991 йил 25 февралда Финляндиянинг Эспо шаҳрида қабул қилинган. Ушбу Эспо Конвенциясига 50 га яқин мамлакат аъзо бўлган.
– Гарчи Ўзбекистон Эспо Конвенциясига аъзо бўлмаса-да, унда кўрсатилган тартиб ва талаблар шу замин табиати ва атроф-муҳитини муҳофаза қилиш масалалари билан ҳамоҳангдир, – деди ҳуқуқий масалалар бўйича халқаро эксперт Ержи Ендрошка. – Атроф-муҳит муҳофазасида қўшни мамлакатлар билан ўзаро келишувлар муҳим аҳамиятга эга. Бундай келишувлар ушбу Конвенцияда мувофиқлаштирилган. Шу жиҳатдан бугунги учрашувда Ўзбекистонда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тизимини жорий этишнинг аҳамиятини тажрибалар асосида кўрсатишга муваффақ бўлдик. Бунда турли лойиҳаларни амалга оширишда ҳар бир режалаштирилаётган фаолиятнинг экотизимлар ва инсон саломатлигига салбий таъсирининг олдини олишга эътибор қаратиш лозим.
Тадбирда халқаро экспертлар томонидан таклиф этилган тажриба ва фикр-мулоҳазалар мамлакатимизда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва давлат экологик экспертизасидан ўтказиш босқичларини ҳамда бу борада миллий қонунчиликни такомиллаштиришга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
Манба: ЎзА