Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Норма ижодкорлиги соҳасидаги ислоҳотларнинг янги босқичи
2018-08-27 | Жамият
Амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш бугунги кундаги долзарб масалалардан биридир. Зеро, ислоҳотлар самараси қонунлар ва ҳуқуқий нормаларнинг мукаммаллиги, ўзаро мувофиқлиги ва нуқсонсиз ишлашига кўп жиҳатдан боғлиқ.
Соҳадаги мазкур муаммоларни бартараф этиш мақсадида 2018 йилнинг 8 август куни Давлатимиз раҳбари томонидан норма ижодкорлиги фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган Фармон қабул қилинди.
Фармон билан норма ижодкорлиги соҳасини такомиллаштиришга қаратилган Концепциянинг тасдиқланиши эса бу борада айни муддао бўлди.
Айнан шу мавзуда жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлислар залида республика миқёсидаги ташкилотлар, хусусан вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, юридик хизматлари ва ахборот технологиялари соҳасидаги таркибий бўлинмалари раҳбарлари иштирокида семинар ўтказилди.
Ушбу семинарда адлия вазири Русланбек Давлетов норма ижодкорлиги фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган Фармон ва Концепциянинг мазмун-моҳияти, уларда белгиланган талабларнинг ҳаётга тадбиқ этилиши асосида кутилаётган натижалар, бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар, инновацион ислоҳотлар ва бошқа шу каби янгиликлар ҳақида маъруза қилди.
Маърузада Фармон ва Концепциянинг мазмун-моҳиятини тушунтириш билан бир қаторда 2016 йилдан бошлаб ҳозирги кунга қадар қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида маълумот берилиб, қабул қилинган ушбу ҳужжатларнинг кўрсаткичи 2017 йилда 2016 йилга нисбатан кескин ошганлиги тўғрисида маълумот берилди.
Хусусан, рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2016 йилда: қонунлар – 20 та; Президент Фармонлари – 18 та; Президент қарорлари – 129 та; Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари – 422 та қабул қилинган бўлса бу кўрсаткич 2017 йилда: қонунлар – 43 та; Президент Фармонлари – 108 та; Президент қарорлари – 522 та; Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари – 1043 тани ташкил этади.
2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса бу кўрсаткич, яъни қонунлар – 22 та, Президент Фармонлари – 67 та, Президент қарорлари – 212 та, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари – 489 тани кўрсатмоқда.
Семинар давомида Концепция ўз ичига олган асосий йўналишларнинг ҳар бири бўйича, жумладан қонунчилик базасини тизимлаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнлари сифатини ошириш, норма ижодкорлиги жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, норма ижодкорлигида “ақлли тартибга солиш” модели элементларини қўллаш ҳамда ушбу фаолиятнинг институционал асосларини такомиллаштириш борасида тўлиқ тушунтириш берилди.
Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга адлия вазири томонидан батафсил жавоблар берилиб, уларнинг норма ижодкорлиги соҳасига оид таклиф мулоҳазалари ҳам тингланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги