Осиё ўйинлари – 2018. 26 август куни ҳамюртларимиз биттадан олтин ва кумуш, тўртта бронза медалига эга чиқишди
XVIII ёзги Осиё ўйинларининг саккизинчи кунги баҳсларини енгил атлетикачиларимиз якунлаб беришди. Аёллар ўртасида 100 метрга югуриш баҳсларида терма жамоамиз аъзоси Нигина Шарипова 7-ўринни эгаллади.
Эркаклар ўртасида босқон улоқтириш мусобақаларида эса ҳамюртимиз Суҳроб Хўжаев кутилганиданда муваффақиятли иштирок этди ва 74,06 метр натижа билан бронза медалига сазовор бўлди. Босқонни Суҳробдан атиги 10 сантиметрга узоқроқ отган тожикистонлик Дилшод Назаров кумуш медални қўлга киритди. Олтин медал эса қатарлик Ашраф ал-Сайфийга насиб этди. У 76,88 метр натижа қайд этди.
Шу тариқа 26 август куни ҳамюртларимиз биттадан олтин ва кумуш ҳамда тўртта бронза медалига эга чиқишди. 26 августдан кейин жами медалларимиз сони эса 28 тани ташкил этмоқда. Шундан 6 таси олтин, 11 тадан кумуш ва бронза медалларидир.
Отабек Эшмаматов, ЎзА
Манба: ЎзА