Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистонлик талабалар Жанубий кореялик тенгдошлари билан Орол денгизи муаммосини муҳокама қилишди
2018-08-26 | Экология
Шу йилнинг 14-27 август кунлари Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг нуфузли университетлари билан ҳамкорликда «Орол денгизи атроф-муҳит муҳофазаси» номли халқаро анжуман ўтказилмоқда.
Халқаро анжуман 15 августда Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида бошланиб, унда Жанубий Кореянинг Корея университетидан ташриф буюрган 60 нафардан зиёд профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди. Анжуман Самарқанд, Хива ва Нукус шаҳарларида ҳам давом этмоқда.
Анжуманда Орол денгизи муаммоси нафақат минтақа балки бутун дунё учун глобал экологик инқироз даражасига чиққани, унинг салбий таъсирини камайтириш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш учун нуфузли халқаро ташкилотлар, ривожланган давлатлар барча биргаликда ҳаракат қилиш орқалигина ижобий натижага эришиш мумкинлиги қайд этилди.
Корея университети ва Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети талабалари иқлим ўзгаришлари, зарарли чанглар, ҳавонинг ифлосланиши, саноат корхоналари ва автомобиллар чиқарадиган заҳарли газларнинг экологияга таъсирини ўз илмий-тадқиқотларида кўрсатиб ўтишди.
Тадбир якунида ўзбекистонлик ва Жанубий кореялик талабалар ўртасида экологик муаммолар, атроф-муҳит ва Орол денгизи муҳофазасини биргаликда ҳимоя қилиш борасида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида мазкур халқаро анжуманни ҳар йили ўтказишга келишилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги