Ўзбек боксчилари Россия, Венгрия ва АҚШда бўлиб ўтаётган мусобақаларда муваффақиятли иштирок этмоқда.
Венгриянинг Будапешт шаҳрида давом этаётган жаҳон чемпионатида истеъдодли боксчиларимиздан Темур Мержонов германиялик Оронзо Бирардини, Абдумалик Халоков мўғулистонлик Тешкарқал Энктурни, Жаҳонгир Раҳмонов индонезиялик Мишел Мускитани, Самандар Холмуродов пуэрто-риколик Крис Эчеварриани, Наво Тамазов эса ҳиндистонлик Нитин Кумарни мағлубиятга учратди.
* * *
Россиянинг Грозний шаҳрида ўтаётган халқаро турнирда Нодир Мирзаҳмедов, Аброр Қодиров, Алиёр Норалиев олтин медални қўлга киритди.
Финалга қадар барча жангларда ғалаба қозонган Шукуржон Раҳимов 60 килограмм вазнда кумуш медалга сазовор бўлди.
Абдулҳай Шораҳматов, Билолбек Мирзараҳимов, Одил Аслонов бронза медаль соҳибига айланди.
* * *
АҚШнинг Калифорния штатида ўтказилган профессионал бокс кечасида ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев тўртинчи жангини ўтказди.
У чилилик Роман Контрерасга қарши баҳс олиб борди. Биринчи раундда рақибини нокаутга учратди ва WBА чемпионлик камарини қўлга киритди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
Манба: ЎзА