Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Осиё ўйинлари-2018: Бешинчи кунда бешта медаль
2018-08-24 | Спорт
Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилаётган Осиё ўйинлари тобора қизғин паллага кириб бормоқда.
Кунига эмас, соатига медаллар ўз эгаларини топмоқда. Спортнинг 30 туридан мусобақада иштирок этаётган 232 нафарли спортчилар делегациямиз ҳам шу кунга қадар 19 медални қўлга киритди. Шулардан 4 таси олтин, 8 таси кумуш ва 7 тасини бронза медаллардир.
Кеча, бешинчи кун якунларига кўра, Ўзбекистон спорт делегация бешта медалга сазовор бўлди.
Жумладан, академик эшкак эшувчиларимиздан жуфтлик баҳсларида Шаҳбоз Ҳолмурзаев ва Шаҳбоз Абдужабборовлар маррага биринчи бўлиб етиб борди ва олтин медални терма жамоамиз ҳисобига қўшиб қўйди. Сардор Тўлқинхўжаев ва Алишер Турдиевлардан иборат иккинчи жуфтлигимиз иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медалга сазовор бўлди. Тўртлик баҳсларида иштирок этган спортчиларимиз – Исламбек Мамбетназаров, Отамурод Раҳимов, Шеҳроз Ҳакимов, Зафар Усмонов эса бронза медали билан кифояланди.
Таэквондо бўйича 49 килограмм вазн тоифасида баҳсларда қатнашган 17 ёшли спортчи Мадинабону Маннопова мусобақа давомида Гонконг, Ливан ва Япония вакилларини мағлубиятга учратиб, фақатгина финалда таиландлик Панипак Вонгпаттанакитга имкониятни бой берди ва якунда кумуш медаль соҳибасига айланди.
Спорт гимнастикасида афсонавий спортчимиз, 43 ёшли Оксана Чусовитина ўзининг севимли услуби ҳисобланган таяниб сакраш машқларида иштирок этди ва якунда иккинчи ўриндан жой олди.
Футбол бўйича олимпия терма жамоамиз мусобақанинг нимчорак финалида Гонконг термаси устидан йирик – 3:0 ҳисобида ғалаба қозониб чорак финалга йўлланма олди. Энди Равшан Ҳайдаров шогирдлари 26 август куни навбатдаги босқичда Жанубий Корея термасига қарши майдонга тушади.
Бугун бошланган баҳслар олдидан терма жамоамиз медаллар жамғариш бўйича 9-ўринни эгаллаб турибди. Жами 116 та медални қўлга киритиб улгурган Хитой терма жамоаси катта фарқ билан (55 та олтин, 40 та кумуш, 21 та бронза) медаллар жамғариш бўйича биринчи ўринда бормоқда. Япония ва Жанубий Корея терма жамоалари иккинчи ва учинчи ўринлардан жой олиб турибди.
Ойбек Юнусов, ЎзА
Манба: ЎзА