Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Уруғлик пахта майдонларида апробация ишлари бошланди
2018-08-17 | Инновация
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3683 сонли қарорида уруғчилик соҳасини тубдан такомиллаштириш, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, уларни халқаро бозорларга илгари суриш мақсадида бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Ушбу белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан республикамиз фермер хўжаликларига ғўза, бошоқли дон ҳамда бошқа қишлоқ хўжалик экинларининг юқори сифатли навдор уруғлиги билан таъминлаш юзасидан амалий чора тадбирлар олиб борилмоқда.
Республикамизда пахта етиштирувчи фермер хўжаликларини келгуси йилда юқори ҳосилли ҳамда сифатли уруғлик чигит билан узлуксиз таъминлаб бориш мақсадида, ҳар йили уруғлик пахта учун экилган майдонларда апробация (дала кўриги) ўтказилади.
Бу йилги қишлоқ хўжалиги учун ўта мураккаб, сув танқислиги юз берган йилда ғўза апробациясини минтақаларнинг турли тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб белгиланган муддатларда ўтказиш мақсадга мувофиқдир.
Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар фермер хўжаликлари ўртасида уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш учун ўтказилган танловларда 4505 та фермер хўжалиги ушбу ваколатни қўлга киритиб улар томонидан 143,0 минг гектар майдонда ғўзанинг районлашган эртапишар навларидан 90,2 минг гектар, жумладан; Султон (27,8 минг/га), Бухоро-102 (12 минг/га), Наманган-77 (11,8 минг/га ),Ан-Боёвут-2 (6,9 минг/га ), ), Андижон-35 (7,6 минг/га ), Омад (4,7 минг/га), Порлоқ-1 (2,5 минг/га) каби, ўртапишар навларидан 36,7 минг гектар, жумладан; Бухоро-6 (7,6 минг/га ), С-6524(15,9 минг/га), Хоразм-127 (4,1 минг/га), Меҳнат (2,8 минг/га) ва истиқболли ва янги навларидан 16,1 минг гектар майдонга уруғлик учун экилиб парваришланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Ўзпахтасаноат АЖ томонидан 2018 йилда танловдан ўтган фермер хўжаликларининг уруғлик пахта етиштириш учун экилган ғўза майдонларида апробация ўтказиш чора тадбирларига бағишланган йиғилиш қўшма баёни тасдиқланган бўлиб, унга кўра жорий йилнинг 10 августдан 25 августгача уруғлик учун экилган ғўза майдонларида навлар бўйича Давлат стандарти талабига жавоб берадиган уруғлик майдонларини апробациядан ўтказиш белгилаб берилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 10 августига қадар Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги уруғчилик фермер хўжаликларининг раҳбарлари, катта апробаторлар, инспектор апробаторлар, ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича мутахассислар, пахта тозалаш корхоналарнинг тайёрлов ва уруғчилик бўлимлари, пахта ва элита лабораторияларининг мудир ва мутахассислари иштирокида уруғлик учун ажратилган ғўза майдонларида апробация ўтказиш, уруғлик пахтани териш, қуритиш, қабул қилиш, сақлаш ва ҳужжатлаштириш ишларини уруғчилик соҳасига оид норматив-ҳуқуқий хужжатларга асосан амалга ошириш бўйича кўргазмали семинар ўтказиш вазифаси белгиланган. Ушбу ишни сифатли ва ўз муддатида ўтказилишини таъминлаш мақсадида, фермер хўжаликларининг раҳбарлари, катта апробаторлар ва инспектор апробаторлар учун Уруғчиликни ривожлантириш маркази томонидан “Уруғлик учун экилган ғўза майдонларида апробация ўтказишга оид қўлланма”нинг янги таҳрири тайёрланиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий бошқармаларига етказиб берилди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда пахта экиладиган майдонларни генетик соф, хўжалик сифат кўрсаткичлари энг юқори уруғликлар билан таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган, истиқболли ва янги навлар экилган уруғлик майдонларни апробациядан ўтказиш жараёни кўргазмали семинар тарзида ташкил этилди.
Жумладан, жорий йил 14 август куни Андижон вилояти Олтинкўл туманидаги “Ҳосил меҳнат кўрки” элита уруғчилик фермер хўжалигида ғўзанинг “Султон” нави экилган майдонида вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалик масалалари бўйича ўринбосари, вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси ва туманлар қишлоқ хўжалик бўлимлари, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги “Агросаноат мажмуаси ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси”нинг вилоят бошқармаси ва туманлар бўлимлари раҳбар ва мутахассислари, “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” давлат унитар корхонасининг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси раҳбар ва мутахассислари, “Ўзагрокимё ҳимоя”АЖ, ЎзР ФА қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий –ишлаб чиқариш маркази вилоят бўлими мутахассислари, нав муаллифлари ва селекционер олимлар, пахта тозалаш корхоналари раҳбарлари, Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг Андижон тажриба станцияси ходимлари ҳамда вилоятдаги уруғлик пахта етиштираётган 444 та фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида кўргазмали семинар ўтказилди.
Семинарда апробацияни юқори аниқликда сифатли ўтказиш, уруғлик фондини яратиш учун касалликлар ва зараркунандаларга чалинмаган, маҳсулдор, нав тозалиги юқори бўлган далаларни танлашга аҳамият қаратиш зарурлиги таъкидланди. Бу ўз навбатида келгуси йил пахта майдонларини генетик соф, хўжалик сифатлари жиҳатидан энг яхши уруғлик билан таъминлашга замин яратади.
Бундан ташқари жорий йилда Андижон вилоятида 13,1 минг гектар уруғлик майдонларининг 3,1 минг гектарида Султон, 4,0 минг гектарида Андижон-35, 4,2 минг гектарида Андижон-36, 1,1 минг гектарида Андижон-37, 0,65 минг гектарида истиқболли Келажак, Истиқлол-14, ЎзПИТИ-201 навлари апробациядан ўтказилиши таъкидлаб ўтилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги