Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Корея Республикаси ўқитувчилари делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди
2018-08-16 | Таълим
Жорий йилнинг 10 август куни Халқ таълими вазирлигида Корея Республикасининг ўқитувчилар делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди. Ташриф буюрган ўқитувчилар Корея Республикасидаги “Йилнинг энг яхши дарси” маҳорат танлови ғолибларидир.
Эслатиб ўтамиз, 7 – 8 август кунлари А.Авлоний номидаги халқ таълими тизими раҳбар ва мутахассис ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида кореялик ўқитувчилар делегацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси халқ таълими соҳаси ўқитувчи ва мутахассислари учун семинар ўтказилиб, унда кореялик меҳмонлар дарсларда ишлаш услублари бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди, Жанубий Корея ўқитиш тизимининг ўзига хос хусусиятлари билан таништиришиб, интизом, математика, чет тиллари, адабиёт ва ижтимоий фан ўқитувчилари учун мастер-класслар ўтказишди.
Учрашув давомида Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Умаров меҳмонларга ташриф учун миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, вазир ўринбосари Жанубий Кореянинг энг яхши ўқитувчилари ўзларининг бой тажрибасини Ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ўртоқлашишгани Ўзбекистон Республикасидаги мактабларида ўқитиш услубларини такомиллаштиришда катта ёрдам беришини таъкидлаб ўтди.
Ушбу ташриф икки давлат ўртасида ўрнатилган ҳамкорликнинг ёрқин намунаси ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг босқичларидан бири ҳисобланади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги