Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Журналистлар учун тренинг
2018-08-16 | Жамият
«Тараққиёт стратегияси» марказида “Меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини холис ёритиш ва ахборотни ўз вақтида тақдим этиш механизмлари” мавзусида журналистлар учун семинар-тренинг ўтказилди.
Тренинг мақсади – мажбурий ва болалар меҳнати масалаларига эътибор қаратган ҳолда меҳнат меъёрлари бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва лойиҳалар ҳақидаги маълумотлар билан яқиндан ташиш, ахборот технологияларининг янги механизмлари билан ишлашдаги билим ва кўникмаларни ошириш, мутасадди вазирлик ва идоралар матбуот хизматлари ва ОАВ вакиллари билан самарали ҳамкорлик ўрнатишдан иборат.
Бизда меҳнат ҳуқуқлари ҳимояси қай даражада? Унинг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши қониқарлими? Ушбу саволларга мазкур тренинг давомидаги муҳокамаларда атрофлича жавоб берилди.
Мамлакатимизда аҳолини муносиб иш билан таъминлаш, меҳнат меъёрларини бажариш, болалар ва мажбурий меҳнатнинг исталган кўринишининг олдини олишга қаратилган самарали ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар ва мажбурий меҳнатнинг олдини олишга қаратилган амалий чоралар кўрилгани ҳақида таъкидлаб ўтган.
Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо. Шунингдек, мамлакатимизда ушбу ташкилотнинг 14 конвенцияси, мажбурий ҳамда болалар меҳнатини кескин бартараф этиш ҳақидаги конвенциялар ратификация қилинган. Маълумотларга кўра, 2014 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти конвенциялари ижроси муҳокама қилинадиган йиғилишларда Ўзбекистон 25 давлатдан чиқариб ташланган. 2015 йилда эса мазкур масалада муаммолар бор бўлган давлатлар қаторига киритилмаган. 2017 йилнинг 3 февралида Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйилганини расман эълон қилди.
2018 йил 17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари ходимлари, талабалар ва ижтимоий соҳа вакилларини дала ва тозалаш-ободонлаштириш ишларига жалб этишни тақиқлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида оммавий ахборот воситаларининг турли шаклдаги мажбурий меҳнатга қарши курашишда фаол ҳамкорлик қилиши айтилган.
Шу муносабат билан “Тараққиёт стратегияси” маркази, Халқаро меҳнат ташкилотининг учинчи томон мониторинги лойиҳаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида 6-15 август кунлари Урганч, Бухоро, Самарқанд, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳрида республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият юритаётган журналистлар учун тренинглар ташкил этилди.
Тошкентда ўтказилган тренинг ҳам амалий мулоқот, ўзаро фикр алмашиш, интерактив ўйинлар билан қизиқарли бўлди. Бу журналистларнинг профессионаллик даражасини оширишга, ҳудудий ОАВда меҳнат ҳуқуқлари, муносиб меҳнат, мажбурий меҳнат каби мавзуларни кенг ёритишга имкон беради.
Нурилло Насриев, Оқил Ғуломов (сурат) ЎзА
Манба: ЎзА