Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Фуқаролар учун бюджет
2018-08-15 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар учун бюджет” нашри. Ушбу нашр билан Ўзбекистон ўз аҳолисига давлат молияси, Давлат бюджети маблағларини шакллантириш манбалари ва сарфлаш йўналишлари тўғрисидаги ахборотни қулай ва тушунарли шаклда тақдим этадиган жаҳоннинг 100 та мамлакатлари сафига қўшилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев 2017 йилнинг 22 декабрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига қилган Мурожаатномасида Давлат бюджети даромадлари ва харажатлари халқ учун очиқ-ошкора бўлишини таъминлаш зарурлигини кўрсатиб ўтди. Ўз навбатида, бюджет маълумотларини жамоатчилик учун очиқ-ошкора бўлиши давлатимиз раҳбарининг “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши лозим”, деган тамойилларига тўлиқ мос келади.
Аҳолининг кенг қатлами учун ахборотнинг мазмунан қулайлигини таъминлаш бюджет борасида фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш механизмларининг самарадорлигини оширишда муҳим йўналиш ҳисобланади. Тан олиш керакки, бугунги кунгача чоп этилаётган бюджет маълумотлари одатда кўпчилик фуқаролар учун амалий аҳамият касб этмас эди.
Ушбу нашр 2018 йил учун тасдиқланган Давлат бюджети параметрлари доирасида тузилган бўлиб, унда бюджет даромадлари ва устуворликлари, ижтимоий аҳамиятга молик тадбирларни молиялаштириш ва кутилаётган мақсадлар ҳақидаги ахборот фуқаролар учун тушунарли бўлган тилда изоҳлар ва тушунтиришлар билан Фуқаролар учун бюджет очиб берилган.
Мазкур нашрнинг асосий афзалликлари бўлиб қулай навигация ва маълумотларни инфографика орқали кўрсатиш ҳисобланади ва, фикримизча, бу ҳар бир фуқарога республикада олиб борилаётган бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳақида ахборот олишида ёрдам беради.
Эндиликда “Фуқаролар учун бюджет” мунтазам равишда чоп этилади ва у аҳолини Давлат бюджети ҳақида маълумотлар билан таъминлаш билан бир қаторда, уларнинг давлат бюджет сиёсатини шакллантиришда иштирокини таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Бугун эътиборингизга ҳавола этилаётган “Фуқаролар учун бюджет” Молия вазирлигининг бу йўналишдаги илк тажрибасидир ва биз мазкур нашр бўйича таклиф ва мулоҳазаларингизни metodsovet@mf.uz манзилида қабул қилишдан мамнунмиз. Берган таклифларингиз “Фуқаролар учун бюджет”нинг кейинги нашрларида ҳамда кейинги йиллар учун бюджет лойиҳаларини тайёрлашда, албатта, ҳисобга олинади.
Бюджет маълумотларининг фуқаролар учун тақдим этилган ушбу кўриниши бюджет маблағларини шакллантириш ва уларни сарфлаш ҳақида ахборот берувчи фойдали манба бўлишига ҳамда бюджет масалалари бўйича фуқаролар билан ўзаро мулоқотни йўлга қўйишига чин дилдан ишониб қоламиз.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги