Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Жанубий Кореянинг етакчи тиббиёт клиникалари Ўзбекистонда ўз филиалларини очади

2018-08-15 | Соғлиқни сақлаш

«Тараққиёт стратегияси» маркази илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, нуфузли ташкилотлар ҳамда соҳа мутахассислари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, синовдан муваффақиятли ўтган лойиҳаларни Ўзбекистонда татбиқ этишга кўмаклашиб келмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 майдаги «Соғлиқни сақлаш тизимини танқидий ўрганиш ва уни тубдан такомиллаштириш бўйича таклифларни тайёрлашни ташкил этиш тўғрисида»ги фармойишига мувофиқ, бугунги кунда Ўзбекистон Тиббиётини тубдан такомиллаштириш консепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Бунда мавжуд муаммолар, соҳа экспертларининг фикрлари ҳамда хориж мамлакатларининг энг илғор тажрибалари ўрганилмоқда.

Хусусан, шу кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Тараққиёт стратегияси» маркази, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Жанубий Кореянинг соғлиқни сақлаш тизими мутахассислари билан самарали учрашув ва музокаралар ўтказиб, бир қатор тиббиёт муассасалари ҳамда ижтимоий муассасалар фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Делегация аъзолари йирик тиббиёт муассасалари — Пучон шаҳри марказий поликлиникаси ва Пучон кўп тармоқли шифохонаси, Кванжу шаҳар тез тиббий ёрдам марказларида аҳолига тиббий ва ижтимоий хизматларнинг кўрсатилишини ўргандилар.
Ташриф давомида Жаҳон тадқиқотлар марказининг Марказий Осиё институти директори Юнг Хун Чо, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири фахрий маслаҳатчиси Ким Юнсе, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири маслаҳатчиси - Ажу университети президенти Юн Таек-Римлар билан учрашувлар ўтказилди. Музокаралар давомида мамлакатимиз вакиллари бугунги кунда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, соғлиқни сақлаш тизимидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот бердилар. Жумладан, Ўзбекистонда Тиббиётни тубдан такомиллаштириш консепциясининг ишлаб чиқилаётганлиги ва бунда соғлиқни сақлаш соҳаси энг ривожланган давлатлардан бири бўлган Жанубий Корея тажрибасини ўрганиш бугунги кунда муҳим эканлиги таъкидланди.

Жанубий Кореянинг кадрлар тайёрлаш тизими билан ҳам яқиндан танишилди. Хусусан, ўзбекистонлик мутахассислар Ажу университети, унинг тиббиёт маркази ва шифохонаси, Чоннам миллий университети ва унинг қошида ташкил этилган шифохонага ташриф буюриб, замонавий таълим тизими ҳамда амалиёт жараёнлари билан танишдилар. Шунингдек, Чоннам миллий университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан ҳам учрашув ташкил этилиб, уларга яратилган шароитлар ҳамда таълим тизими ҳақида суҳбатлашилди.

Бундан ташқари, Миллий тиббиёт суғурта хизматлари минтақавий офиси раҳбари Ким Бек-су билан учрашув ташкил этилди. Унда Жанубий Кореядаги тиббий суғурта тизими фаолияти, хизмат кўрсатиш механизмлари ҳақида фойдали маълумотлар тўпланди. Шунингдек, Чонг хусусий тиббиёт бирлашмаси фаолияти, мижозларга кўрсатилаётган хизматлар ўрганилди.

Шу кунга қадар ўтказилган 15 дан зиёд учрашув ва музокаралар якунлари бўйича қатор келишувларга эришилди. Жумладан, Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг етакчи тиббиёт олий ўқув юртлари ва клиникаларининг филиалларини ташкил этиш, шунингдек, ўзбекистонлик шифокорларнинг Жанубий Кореяда қисқа муддатли малака ошириши бўйича дастурларни йўлга қўйишга келишиб олинди. Музокараларда таъкидланганидек, бу, энг аввало, Ўзбекистонда малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда соҳа вакиллари ўртасида ўзаро тажриба алмашиш йўлидаги яна бир катта қадам бўлади.

Барча учрашувларда кореялик мутахассислар Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга, хусусан, бугунги кунда юртимизда режалаштирилаётган тиббий суғурта тизимини йўлга қўйишда кўмаклашишга, тажрибалари билан ўртоқлашишга тайёр эканлигини билдирдилар. Ҳамкорлик доирасида, шунингдек, Кореянинг Тиббий суғурта хизмати вакиллари тажрибали мутахассисларни маслаҳатчи-эксперт сифатида Ўзбекистонда фаолият олиб боришлари бўйича билдирилган таклифни ҳам қўллаб-қувватладилар.

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимига берилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар кореялик мутахассис ва ишбилармонларни қизиқишига сабаб бўлди, хусусан, етакчи хусусий клиникалар вакиллари Ўзбекистонда ўз филиалларини очишни режалаштиришини билдирдилар.

Ўзбекистон делегациясининг Жанубий Кореяга амалга оширган ташрифи 2018-йилнинг 15-августига қадар давом этади. Дастур доирасида вакилларимиз Жанубий Корея Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлиги, Озиқ-овқат ва дори воситалари хавфсизлиги вазирлиги вакиллари билан музокаралар ўтказади ҳамда Квандон университети қошида ташкил этилган тиббиёт университетига ташриф буюрадилар.

Ташриф давомида, шунингдек, Ўзбекистонга инвестиция киритиш ниятидаги кореялик йирик сармоядорлар, нуфузли компания вакиллари билан учрашувлар ўтказилиши, мамлакатимизда хорижий инвесторларга яратилаётган шароит ва қулайликлар ҳақида тақдимотлар ўтказилади.

Манба: Тараққиёт стратегияси маркази

Поделиться