Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адлия вазирлиги 20 нафар баҳоловчиларга сертификат берилишини таъминлади
2018-08-13 | Жамият
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги ПҚ–3666-сон қарори билан Адлия вазирлигига давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида ҳуқуқни қўллаш амалиётини изчил ва бир хилда таъминлаш бўйича чораларни амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Қисқа муддат ичида Адлия вазирлиги, унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан мазкур йўналишда бир қатор ишлар амалга оширилиб, ижобий натижаларга эришилди.
Ўтган уч ой давомида республика бўйича жами бўлиб 650 тага яқин (республика, вилоят ва туман (шаҳар) даражаларидаги) ташкилотларда 7000 дан кўп қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Қонунбузилишлар асосан таълим, соғлиқни сақлаш, меҳнат, коммунал хизматлари, ер ажратиш, маъмурий жавобгарликка тортиш ва бошқа соҳаларда йўл қўйилган.
Йўл қўйилган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига 290 та тақдимномалар (70нафар айбдор ходимларга иш берувчилар томонидан интизомий жазо чоралари қўлланилди), айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан судларга 82 татаклиф киритилди.
Бундан ташқари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига келгусида содир этилиши мумкин бўлган қонунбузилишларни олдини олиш 2500 дан ортиқ огоҳномалар киритилди.
Аниқ мисоллар келтириладиган бўлса, Адлия вазирлигига фуқаро У.Д. Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 2018 йил 22 майда ўтказилган малака имтиҳони натижалари бекор қилинганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган. Мазкур ҳолат вазирлик томонидан батафсил ўрганиб чиқилиб, тегишли амалий чора-тадбирлар амалга оширилди, натижада малака имтиҳони муваффақиятли топширган 20 нафар фуқароларга, шу жумладан У.Д.га баҳоловчи малака сертификатлари берилиши таъминланди. Қўмитанинг айбдор ходимига нисбатан чора кўрилди.
Шунингдек, Адлия органлари томонидан туман (шаҳар) ободонлаштириш бошқармалари, туман (шаҳар) йўл эксплуатация корхоналари, автомобиль йўллари бош бошқармалари ҳузуридаги эксплуатация линия корхоналарининг фаолияти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги 349-сон қарорининг бажарилиши ўрганилди. Ўрганиш давомида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилди.
Жумладан, 28 нафар фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалари киритилиб, 67,4 млн. сум пул маблағлари ундириб берилди.
Шу билан бирга, ободонлаштириш соҳасини ҳамда меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини илғор халқаро тажрибаларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириш юзасидан 11 та йўналишда 40 га яқин таклифлар ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди.
Бундан ташқари, вазирлик томонидан халқ таълими тизими ривожланишига салбий таъсир қилувчи салбий омиллар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш юзасидан 11 та йўналишда 28 га яқин таклифлар ишлаб чиқилиб, Президент девони ҳамда Ҳукумат идораларига тақдим этилди.
Шу билан бир қаторда, мамлакатимизнинг иқтисодиётини янги поғонага кўтариш, инвестиция муҳитини яхшилаш, бозорлар фаолиятини такомиллаштириш, қонунчиликдаги коллизион нормаларни бартараф этишга қаратилган тегишли Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори ва фармони лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Уларнинг бири жорий йилнинг 1 август куни мамлакатимиз раҳбари томонидан имзоланди, хусусан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида инвестиция муҳитини тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги