Ўзбек ва тожик халқларининг дўстлиги тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, айниқса, маданий-гуманитар соҳада изчил ривожланмоқда.
Ўзбекистонлик журналистлар учун Тожикистон бўйлаб ташкил этилган танишув сафари бунинг яна бир ёрқин далилидир.
Ўзбек ва тожик халқларини умумий тарих, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва ишонч, ўхшаш анъаналар бирлаштириб туради. Икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланиши, биринчи навбатда оддий одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатди.
Ўзбекистонлик журналистлар дастлаб Суғд вилояти Хўжанд шаҳридаги Матбуот қасрида “Ҳақиқати Суғд“, “Согдийская правда“ ва “Суғд ҳақиқати” газеталари фаолияти билан танишди.
– Тожикистон ва Ўзбекистон Президентларининг саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилди, – дейди “Суғд ҳақиқати” газетаси бош муҳаррири Фарҳод Жўраев. – Ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг Хўжанд шаҳрига ташрифидан бошимиз кўкка етди. Ўйлайманки, ушбу сафар ОАВ соҳасида тажриба алмашиш ва конструктив мулоқот учун майдон бўлади.
Шундан сўнг вилоят ижодкор зиёлилари билан давра суҳбати ўтказилди. Анжуманда ижтимоий-маданий соҳадаги ҳамкорлик борасида фикр алмашилди. Қайд этилганидек, ҳозирги кунда Ўзбекистон билан Тожикистон илмий муассасалари, ўқув юртлари, оммавий ахборот воситалари, ижодий жамоалари ўртасида алоқалар фаоллашди. Тадбирда мавжуд салоҳиятдан келиб чиқиб таълим, ишлаб чиқариш, илм-фандаги ютуқ ва тажрибаларни алмашиш бўйича мулоқотни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. Бу борада таклиф ва тавсиялар берилди.
Кейинги манзил вилоятнинг Бобожон Ғофуров туманидаги “Арбоб” тарихий қасри бўлди. Ушбу мажмуа тожик халқи учун жуда аҳамиятли ҳисобланади. Тожикистон Президенти ташаббуси билан 2012 йилда бунёд этилган Миллий чойхона биноси ҳам катта таассурот қолдирди.
“Суғд” эркин иқтисодий зонаси билан танишув чоғида бу ерда фаолият кўрсатаётган корхоналар, тадбиркорларга яратилган имтиёзлар ҳақида маълумот берилди. Ишлаб чиқариш субъектлари раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувда икки томонлама алоқаларни янада яхшилаш, ҳамкорликда турли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қўшма корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Суғд вилоятининг тарихий музейи журналистларда катта қизиқиш уйғотди. Тожик халқи тарихини акс эттирган музейда 15 мингдан ортиқ экспонат мавжуд. Бу ерда ҳар бир даврга тегишли тарихий ёдгорликлардан тортиб, Тожикистоннинг яқин ўтмишдаги тарихи акс этган лавҳалар бор.
Камол Хўжандий номидаги боғда тожик миллий ҳунармандлиги ва қўл меҳнати маҳсулотлари ярмаркаси қардош халқнинг меҳмондўстлиги, инсонларнинг самимийлиги ва хушчақчақлигини тараннум этган мазкур кўргазма концерт дастурига уланиб кетди.
Ўзбекистонлик журналистларнинг Тожикистонга сафари давом этмоқда.
Нурилло Насриев, ЎзА
Манба: ЎзА