Бой маданиятимиз, юксак маънавиятимиз, кўҳна ва бетакрор тарихимизни жаҳонга тараннум этишда адабиётимизнинг аҳамияти беқиёс. Миллий сўз санъатимизнинг ёрқин намояндалари билан ҳақли равишда фахрланамиз. Эндиликда ўзбек адабиётининг энг сара намуналарини жаҳон миқёсига олиб чиқиш, бу йўналишда долзарб тадқиқотлар олиб бориш муҳим аҳамият касб этади.
Пойтахтимизда ташкил этилган "Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини халқаро миқёсда ўрганиш ва тарғиб қилишнинг долзарб масалалари" мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция миллий адабиётимиз ривожи, унинг халқаро майдондаги обрў-эътиборининг янада юксалишини таъминлаш, дунё халқлари билан адабий алоқаларни мустаҳкамлашдек мақсадларни кўзлаши билан диққатга сазовор бўлди.
Ёзувчилар уюшмаси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Фанлар академияси ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган мазкур анжуманга юртимиз ва жаҳоннинг 25 давлатидан адиб ва шоирлар, мутаржимлар, адабиётшунос олимлар, мунаққидлар, ёш ижодкорлар таклиф этилди.
Конференция қатнашчилари дастлаб Адиблар хиёбони ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб, мамлакатимизда миллий адабиётга қаратилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар кўлами, эндиликда фаолияти давр руҳига ҳамоҳанг йўлга қўйилган мазкур ижодий ташкилотнинг фаолияти билан атрофлича танишди. Иштирокчилар Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетига туташ майдондаги Ҳазрат Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди.
Халқаро конференция ҳам шу университетда бошланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев ўқиб эшиттирди.
Халқимизнинг азалдан адабиётга меҳри баланд. Истиқлол йилларида миллий адабиётимизни янада равнақ топтириш янги ривожланиш босқичига кирди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси С.Саййид, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Д.Бадарч, Ўзбекистон Фанлар академиясининг вице-президенти Б.Абдуҳалимов, Озарбайжон Ёзувчилар бирлиги раиси, атоқли адиб Анор, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси У.Есдавлат, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи раиси Н.Қосим, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ректори Ш.Сирожиддинов ва бошқалар халқлар, миллатлар ўртасидаги эзгулик, дўстлик мулоқотининг кенгайишида, маънавиятнинг юксалишида адабиётнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлади.
Дарҳақиқат, юртимизда адабиёт ривожига миллий маънавиятимизни тобора юксалтиришнинг муҳим воситаси сифатида эътибор қаратилмоқда. 2017 йил 3 август куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг юртимиз ижодкор зиёлилари билан бўлиб ўтган учрашувида инсон қалбини, унинг дарду ташвишларини, халқнинг орзу-интилишлари, Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғусини бетакрор сўз, бадиий таъсирчан оҳангларда тараннум этишни ўз ҳаётининг маъно-мазмуни, деб билган ижодкор зиёлилар олдидаги муҳим вазифалар белгилаб берилган эди.
Юртимизда илк бор ўтказилаётган йирик мазмун ва форматдаги анжуманда таъкидланганидек, адабиёт аҳлининг жаҳон миқёсидаги фикр алмашинуви, турли халқлар адабий-эстетик тафаккурининг бир-бирига яқинлашуви ҳаётий заруриятдир. Ёзувчилар уюшмаси томонидан бадиий асарларни хорижий тилларга таржима қилиш мақсадида миллий адабиётимизнинг энг яхши намуналарини аниқлаш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини аслиятдан таржима қилиш, бунда ёш таржимонларнинг ижодий маҳорати ва малакасини юксалтириш долзарбдир.
– Конференция иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан табрик йўллангани мамлакатингизда миллий адабиёт ривожига давлат миқёсида кўрсатилаётган эътибордан дарак беради, – дейди Теҳрон педагогика университети профессори, навоийшунос олим Ҳусайн Муҳаммадзода Сидиғ. – Навоийнинг "Муҳокамат ул-луғатайн", "Мезон ул-авзон" асарларига рисолалар ёзганман. Ул зотнинг ҳикматли сўзлари, мактубларини тўплаб, форс тилига таржима қилганман. Навоий асарлари луғатини яратдим. Ушбу конференция адабиёт аҳлининг ўзига хос ижодий мулоқот майдонига айланди.
– Анжуман жуда кўтаринки руҳда ўтмоқда, – дейди Ҳиндистоннинг Панжоб штати Ёзувчилар ассоциацияси раиси Дев Раж Бхардваж. – Ўзбек адабиётидаги муаллифлар ўз ҳиссиётларини жўшқин, беғубор, соф тарзда ифода этиши ўқувчини таъсирлантиради. Миллий адабиётингизнинг етакчи намояндаси Бобурнинг беназир ижоди ҳинд адабиётига ҳам ўз таъсирини ўтказган.
– Конференция жуда қизиқарли ижодий руҳда ўтаяпти, – дейди АҚШнинг Мичиган университети аспиранти Кристофер Форт. – Амин бўлдикки, Президент Шавкат Мирзиёев адабиётга, ижодкорларга алоҳида эътибор қаратади. Чўлпоннинг "Кеча ва кундуз" романини инглиз тилига таржима қилдим. Ҳозир ҳам айрим ўзбек асарлари таржимаси устида ишлаяпман. Менимча, ўзбек адабиётининг ўзига хослиги унда турли маданиятларнинг уйғунлигида намоён бўлади.
– Мазкур анжуман ўзбек адабиётининг турли йўналишларида тадқиқотлар олиб бораётган олимлар, ўзбек ёзувчи ва шоирлари билан атрофлича фикр алмашиш имконини бераётгани билан аҳамиятлидир, – дейди Токио чет тиллар университети профессори Хисао Коматсу. – Абдурауф Фитрат, Маҳмудхўжа Беҳбудий асарларини япон тилига таржима қилаяпман. Бу эса ўтган аср аввалидаги ижтимоий-сиёсий, адабий-маданий муҳитни, жадидчилик ҳаракатининг моҳиятини кенгроқ таҳлил этиш ва ўрганишга чорлайди. Юртингизда миллий адабиёт ривожига кўрсатилаётган улкан эътибор ушбу конференция ишининг юксак савияда, жиддий ва ишчан руҳда ташкил этилаётганида ҳам яққол сезилади.
Анжуманда миллий адабиётимизни равнақ топтириш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатлар акс эттирилган видеоролик намойиш этилди. Иштирокчилар томонидан шўъбаларга бўлинган ҳолда ўзбек мумтоз ва замонавий адабиётини хорижда ўрганиш ва тарғиб этиш, уларни бошқа тилларга таржима қилиш, бадиий таржима соҳасида мутахассислар тайёрлашдаги халқаро илғор тажрибалар, халқаро ижодий алоқаларни кучайтиришнинг долзарб масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Пойтахтимиздаги диққатга сазовор масканлар, кутубхона ва музейлар, тарихий қадамжолар тадбир қатнашчиларида катта таассурот уйғотди. Турли ижодий учрашув ва мулоқотлар, китоблар кўргазмаси, мушоиралар тадбирга ўзгача завқ бағишлади.
Халқаро конференция ишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимов иштирок этди.
Назокат Усмонова, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
Манба: ЎзА