Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Somon Air” самолёти Бухорода
2018-08-08 | Жамият
Тожикистон Республикасининг “Somon Air” миллий авиакомпаниясига тегишли “Боинг – 737 - 300” самолёти “Бухоро” халқаро аэропортига техник-танишув рейсини амалга оширди.
Шу муносабат билан ташриф буюрган меҳмонлар Бухоро шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари томонидан тантанали кутиб олинди.
Йўловчилар орасида қўшни мамлакат авиакомпанияси директорининг биринчи ўринбосари Суҳроб Жўраев бошчилигидаги компаниянинг бир гуруҳ масъул ходимлари, сайёҳлик фирмалари раҳбарлари, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари бор эди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда қўшни давлатлар билан ҳамкорлик муносабатларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг самарасида ижтимоий-иқтисодий, маданий, сайёҳлик ва бошқа йўналишларда алоқалар жадал ривожланмоқда. Бу Тожикистон Республикаси билан муносабатларда ҳам ўз ифодасини топаётир.
– Икки мамлакат ўртасида фуқароларнинг бир ой муддатга визасиз кириш тартиби жорий этилгани ҳар қанча таҳсинга сазовор иш бўлди, – дейди меҳмонлардан бири Мадина Ваидова. – Ортиқча расмиятчиликка ўрин қолмагани туфайли эндиликда фуқароларимиз ўзаро меҳмонга бемалол келиб кетади. Тўй ва турли маросимларда иштирок этади. Тожикистонда юртингиз, жумладан, Бухоронинг қадимий ёдгорликлари, зиёратгоҳларини кўриш истагида бўлганлар кўп. Яқин вақтларда Душанбе ва Бухоро шаҳарлари ўртасида самолёт қатнови йўлга қўйилиши мўлжалланаётгани айни муддаодир.
Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат) ЎзА
Манба: ЎзА