Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Замонавий қурилма ишга тушди у темир йўл вагонларини сканер қилади

2018-08-07 | Жамият

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Чуқурсой техник идора” чегара божхона постида темир йўл вагонларини сканер қилувчи замонавий инспекцион-кўрик мажмуаси фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси масъуллари, Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси, соҳа ходимлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. 

Мамлакатмизда умумэътироф этилган халқаро норма ва стандартлар асосида божхона органлари фаолияти ҳамда божхона маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, тадбиркорликни фаол ва жадал ривожлантириш учун қулай шароит яратишга алоҳида эътибор берилаётгани таъкидланди.

Катта ҳажмдаги сканер қурилмаси билан жиҳозланган мазкур мажмуа Президентнинг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида Хитой Халқ Республикасининг грант маблағлари ҳисобидан барпо этилди. 

Бугунги кунда юртимиз сарҳадларидаги бир қатор темир йўл чегара божхона постлари ҳамда ташқи иқтисодий фаолият божхона постида бу каби инспекцион-кўрик мажмуаларидан самарали фойдаланилмоқда. 

Тадбирда иштирокчилар “Чуқурсой” темир йўл станциясидаги инспекцион-кўрик мажмуаси фаолияти билан яқиндан танишди. Мутахассислар томонидан йирик ҳажмли сканерлаш қурилмасининг ишлаш тартиби бўйича маълумот берилди. 

– Эндиликда замонавий сканер қурилмаси ёрдамида темир йўл вагонидаги юкни текширишга ортиқча вақт сарфланмайдиган бўлди, – дейди Давлат божхона қўмитасининг ахборот-коммуникация технологиялари бошқармаси бўлим бошлиғи Ж.Исломов. – Илгари бу жараён кўп вақтни олар эди. Инспекцион-кўрик мажмуасида вагонни очмай туриб ҳам текшириш ҳамда товар-юк кузатув ҳужжатларини икки-уч дақиқада солиштириш имкони пайдо бўлди. 

Махсус рентген нурлари ёрдамида вагонларни сканердан ўтказувчи қурилма маҳсулотларнинг хусусияти ва сифатига ҳеч қандай таъсир ўтказмайди. Инспекцион-кўрик мажмуасини самарали қўллашдан мақсад нафақат контрафакт маҳсулотлар ёки контрабанданинг олдини олиш, балки хавфни бошқариш орқали божхона назорати самарадорлигини ошириш, божхона тартибларини соддалаштириб, экспорт ва импорт жараёнларини янада тезлаштиришдан иборатдир. 

Тадбирда божхона хизмати органларида фойдаланилаётган назорат техник воситаларининг кўргазмаси ташкил этилди. 
 

Абдулазиз Мусаев, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться