Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ёшларнинг истаги ­- таълим олиш!

2018-07-31 | Жамият

“Ёшлар ­- келажагимиз”давлат дастурининг Тошкент шаҳри бўйича ишчи гуруҳи раҳбари, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов пойтахтимизнинг 26 июнь куни Юнусобод тумани ёшлари билан навбатдаги учрашувини ўтказди. Учрашув Ботаника боғида бўлиб ўтди.

64 гектар майдонга эга боғнинг ичига қурилган томошагоҳда бандликка кўмаклашиши марказлари, тижорат банклари ёшларга ўз хизматларини таклиф қилди. Улардан ташқари иш берувчиларнинг ўзлари ҳам мазкур тадбирда қатнашиб, бевосита бўш иш ўринлари ҳақида ёшларга маълумотлар берди. Шунингдек, туманда жойлашган тадбиркорлар ҳам ўз маҳсулотларини намойиш этиш имкониятига эга бўлишди.

Ишчи гуруҳ раҳбарлари тадбирда 16 баҳорини қаршилаган ёшларга паспортларини топширдилар. Тантанали равишда паспортларини қўлларига олган ёшлар, уларнинг ота-оналари ҳамда тадбирнинг бошқа иштирокчилари машҳур санъаткорлар, болалар рақс гуруҳлари иштирокидаги концертдан баҳраманд бўлдилар.

Шунингдек, тадбир доирасида ўтказилган “Старт-ап куни” ҳам тадбиркорликка иштиёқи бор ёшларни қўллаб-қувватлаш акциясига айланди. Уларнинг лойиҳаларига имтиёзли кредитлар бериш масалалари ўрганилиб, тегишли идоралар, муассасалар томонидан зарур ёрдам қўли чўзилди, ишланмаларини мукаммаллаштириш бўйича маслаҳатлар берилди.

28 июнь куни эса Яккасарой туманидаги ёшлар билан учрашув пойтахтимизнинг қоқ марказидаги “Мовий гумбазлар” хиёбонида ташкил этилди. У ерда ҳам ёшлар бўш иш ўринлари ярмаркасида иштирок этишди, ёш тадбиркорларнинг меҳнат маҳсуллари билан танишдилар.

Таъкидлаш жоизки, ҳар икки туманнинг ҳам ёшлари ғайратли, янгиликка чанқоқлиги улар билан қарийб бир ойдан бери ишлаётган ишчи гуруҳ вакилларига яққол намоён бўлди. Уларнинг аксарияти тадбиркорлик билан шуғулланишга иштиёқи бор, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганлари ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Ўз ишини энди бошлаш арафасидагилар ҳам, бизнесини кенгайтириб, ривожлантирмоқчи бўлганлар ҳам давлат банклар томонидан берилаётган кредитлардан фойдаланиш истагини билдирдилар.

Шу билан бир қаторда ишчи гуруҳларнинг уйма-уй, маҳаллама-маҳалла юриб ўрганишларидан ёшлар энди касб-ҳунарга эмас, балки олий таълим олишга кўпроқ қизиқиш билдираётганлари аниқланди, касб-ҳунар билан олий таълимга эга бўлиш истагидаги ёшларнинг сонидаги фарқ бир неча бараварни ташкил қилаётганини намоён бўлди. Ёшларнинг касаначилик билан шуғулланишга ҳам иштиёқлари баланд эмаслиги, улар жамоада ишлаш истагида эканликлари ҳам алоҳида эътиборни тортди. Ёшларнинг ўқишга иштиёқи тадбиркорлик қилишдан ҳам, ҳарбий хизматга боришдан ҳам юқори эканлиги қайд этилди.

Ҳали ёшларнинг муаммолари, уларнинг истак-хоҳишларини ўрганиш давом этмоқда, аммо айни кундаги кўрсаткичлар ҳам Инновация вазирлиги олдига қўйган вазифа - инсон капиталини ривожлантириш масаласи актуал эканини кўрсатмоқда. Демак, таълимнинг барча босқичларини – мактабгача таълимдан бошлаб, олий таълимдан кейинги таълимгача бўлган тизим фаолиятига жиддий ўзгартиришлар киритиш,таълим муассасаларининг сонини кўпайтириш лозим. Муҳими, барча ёшларимиз таълимнинг барча босқичларидан бирдек фойдалана олиш имкониятига эга бўлишлари шарт. 

Манба: Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш агентлиги

Поделиться