Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Оқ уйдаги учрашув
2018-07-30 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифига бошчилик қилаётган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Вашингтон шаҳрида АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси ўринбосари Мира Рикардел билан учрашди.
Учрашувда Жанубий ва Марказий Осиё бўйича катта директор Лиза Кёртис ҳам иштирок этди.
Жорий йилнинг май ойидаги Ўзбекистон – АҚШ олий даражали учрашувларининг якунлари мазкур суҳбатнинг марказий мавзуси бўлди. Бу эса «Ўзбекистон – АҚШ: стратегик шерикликнинг янги даври бошланиши» номли икки давлат раҳбарларининг қўшма баёнотида ўз аксини топгани қайд этилди.
Таъкидланганидек, ушбу баёнот икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам асос яратди. Икки давлатда ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи доирасида имзоланган барча битим ва шартномаларни амалга оширишга катта эътибор қаратилди.
Бундан ташқари, музокараларда икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари, айрим халқаро ва минтақавий муаммолар, Афғонистондаги вазиятнинг тинчлик ҳолатига ўтиши имкониятлари ҳамда долзарб хавф ва таҳдидларга қарши курашишдаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон – АҚШ мулоқоти ва халқаро кун тартибидаги бошқа асосий йўналишлар юзасидан фикр алмашилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти